Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. 2026 йил 1 июлдан бошлаб бонд омборларидан товарларни махсус электрон савдо платформалари орқали харид қилиш тартиби ўзгаради. Янги қоидаларга кўра, айрим товарлар учун ягона божхона тўлови ва қўшимча солиқлар жорий этилади.
Янги тартибга мувофиқ, смартфон, ноутбук, планшет, колонка, миксер, шарбат чиқаргич, соч қуритгич, электр чойнак, мультипиширгич ва дазмол каби 5 та позициядаги товарлар электрон платформа орқали сотиб олинганда 5 фоиз миқдорида ягона божхона тўлови ундирилади.
Шунингдек, кийим-кечак, пойабзал, соат, хотира қурилмалари, қувватлагич, фонар, қулоқчин, монитор, проектор ва видеоўйин ускуналари каби 30 та позициядаги товарлар учун қўшилган қиймат солиғи ҳамда 3 фоиз миқдорида божхона божи тўланади.
Қоидаларга кўра, Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилотининг Global Brand Database дастурида рўйхатдан ўтган халқаро брендлар ҳамда Ўзбекистондаги махсус реестрга киритилган айрим хорижий товарларни бонд омборларига жойлаштириш ва уларни электрон платформалар орқали сотиш тақиқланади.
Бошқа товарлар учун эса амалдаги тартиб сақланиб, жисмоний шахслар номига халқаро курьер жўнатмалари орқали ойига 200 долларгача бўлган товарларни божсиз олиб кириш имконияти қолдирилади.
Эслатиб ўтамиз, 2026 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистонда двигатель ҳажми 1 200 куб сантиметргача бўлган янги хорижий маркаларни олиб кириш бўйича имтиёзли ставкалар тўхтатилганди. Автомобиль бозорида рақобатни ривожлантириш учун икки ярим йил олдин жорий этилган имтиёзларнинг амал қилиш муддати расман тугаган ва тарифлар аввалги қийматларига қайтган эди.

Изоҳлар мавжуд емас