Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистонда давлат активларини хусусийлаштириш кўлами сўнгги йилларда кескин ошди. Давлат активларини бошқариш агентлиги маълумотларига кўра, 2020–2025 йилларда хусусийлаштиришдан тушган маблағ 77,6 триллион сўмни ташкил этган.
Таққослаш учун, 2020 йилгача бўлган аввалги 10 йил давомида давлат активларини сотишдан атиги 1,1 триллион сўм маблағ тушган. Шу тариқа, хусусийлаштиришдан тушумлар ҳажми қарийб 70 баравардан кўпроқ ошган.
Агентлик маълумотида қайд этилишича, 2021–2025 йилларда "сот ёки тушунтир" тамойили асосида давлат корхоналари сони 61 фоизга қисқарган. Хусусийлаштириш жараёнида йирик ва стратегик активлар ҳам хусусий инвесторларга ўтказилган.
Жумладан, Coca-Cola Uzbekistan 252 миллион долларга, Ipoteka bank 324 миллион долларга сотилган. Шунингдек, Самарқанд автомобиль заводидаги давлатнинг 75,2 фоиз улуши 80 миллион долларга реализация қилинган. Агентликка кўра, мазкур жараёнлар орқали иқтисодиётга хусусий ва хорижий капитални жалб қилиш мақсад қилинган.
2022–2025 йилларда мулкчилик ва ижара ҳуқуқи асосида электрон ким ошди савдоларига чиқарилган ҳамда сотилган ер участкалари ҳажми қарийб тўрт бараварга ошган. 2026 йилнинг биринчи ярмида эса 1,8 минг гектар ер сотилган. Бу 2022 йил давомида сотилган ер майдонидан сезиларли даражада кўп.
Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш бўйича жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган аризалар сони ҳам 2022 йилга нисбатан қарийб беш баравар ошган.
Хусусийлаштириш жараёнида рақамлаштиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Ҳозирга қадар E-auksion электрон савдо платформаси орқали қарийб 1,5 миллион объект савдога чиқарилган бўлиб, уларнинг 1,2 миллиондан ортиғи сотилган.
Тадбиркорларга давлат активларини сотиб олишда бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти ҳам яратилган. Айрим ҳолатларда чегирмалар ва давлат мулкини узоқ муддатли ижарага олиб, кейинчалик тўғридан-тўғри сотиб олиш ҳуқуқи ҳам берилмоқда.
Хусусийлаштириш жараёнининг ҳуқуқий асослари ҳам янгиланган. Хусусан, 2023 йилда "Давлат мулкини бошқариш тўғрисида"ги, 2024 йилда эса "Давлат мулкини хусусийлаштириш тўғрисида"ги қонунлар қабул қилинган.
Агентлик маълумотларига кўра, 2030 йилга бориб Ўзбекистон иқтисодиётида нодалат секторининг улушини 85 фоизга етказиш режалаштирилмоқда. Шунингдек, давлат иштирокидаги корхоналар сонини қарийб 6 бараварга қисқартириш мақсад қилинган. Бу хусусийлаштириш жараёни яқин йилларда ҳам давом этишини англатади.

Изоҳлар мавжуд емас