Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Тошкент ҳалқа атроф автомобиль йўлида Йўл-патруль хизмати ходимларининг қонуний тўхташ ишорасига бўйсунмай қочишга уринган давлат рақам белгисисиз Malibu-2 ҳайдовчиси ушланди. Тошкент шаҳар ИИББ ахборот хизматининг хабар қилишича, қоидабузарлик содир этган автотранспорт воситаси вақтинчалик сақлаш учун жарима майдончасига жойлаштирилиб, ҳайдовчига нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилган.
Ҳодиса Учқаҳрамон томондан Ҳасанбой ҳудуди томон ҳаракатланиш вақтида содир бўлган. Автомобилнинг олди ён ойналари ноқонуний қорайтирилгани ва орқа қисмига қўшимча антенна ўрнатилгани ИИБ ходимлари эътиборини тортган.
ЙПХ ходими тўхташ ишорасини берганда, ҳайдовчи машинани кескин ортга буриб, воқеа жойидан қочишга уринган, бироқ кўрилган тезкор чоралар оқибатида ушланган.
Мазкур ҳолат тасвирланган видео ижтимоий тармоқларда тарқалгач, ўзини ҳайдовчининг отаси деб таништирган шахс видеони жойлаган блогер ёки тармоқ фойдаланувчисига боғланиб, уни ўчиришни талаб қилган.
Тармоқларда тарқалган аудиоёзувда эркак "ишни пул билан ҳам ҳал қила олмаётганини" ва ўғлини ҳайдовчилик гувоҳномасидан маҳрум қилишмоқчилигини айтиб, видеони ўчириш эвазига рад жавобини олгач, фойдаланувчини ҳақоратлаб, унинг манзилига бориш билан таҳдид қилган. Бироқ қонун амалда ўз сўзини айтган.

Изоҳлар мавжуд емас