Давлат харидларида маҳаллий маҳсулотлар улуши пастлигича қолмоқда
Иқтисод

Давлат харидларида маҳаллий маҳсулотлар улуши пастлигича қолмоқда

47

Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Президент Шавкат Мирзиёев томонидан Ўзбекистонда 300 триллион сўмлик давлат харидлари тизимида маҳаллий ишлаб чиқарувчилар улуши кутилган даражада эмаслиги ва йирик давлат компаниялари ҳануз хориж маҳсулотларига ружу қўяётгани кескин танқид қилинди.

13 февраль куни ўтказилган йиғилишда маълум қилинишича, мамлакат бўйича давлат харидларида маҳаллий маҳсулотлар улуши ўртача 68 фоизга етган бўлса-да, қатор стратегик корхоналарда бу кўрсаткич ачинарли ҳолатда қолмоқда.

Хусусан, Олмалиқ кон-металлургия комбинати, "Ўзтрансгаз", "Миллий электр тармоқлари", "Uzbekistan Airports" ва "Ўзбекистон ҳаво йўллари" каби тизимларда маҳаллий маҳсулотлар улуши ҳатто 40 фоизга ҳам етмаётгани кўрсатиб ўтилган. Бу эса миллиардлаб маблағларнинг мамлакат ичида қолиши ўрнига ташқарига чиқиб кетаётганидан далолат беради.

Вазиятнинг бундай тус олишига асосий сабаб сифатида соҳа раҳбарларининг "чет элники сифатлироқ" деган эскича қарашлардан воз кеча олмаяётгани ва тизимдаги сунъий тўсиқлар келтирилган. Тадбиркорлар томонидан билдирилган шикоятларга кўра, давлат харидлари, экспертиза ва сертификатлаш жараёнларида ҳануз бюрократия ва сансалорлик даражаси юқорилигича қолмоқда. Бу эса маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг тендер жараёнларида тенг имконият билан иштирок этишига тўсқинлик қилмоқда.

Мазкур муаммоларни бартараф этиш мақсадида эндиликда тизим тубдан ўзгартирилади. Вазирлар, тармоқ раҳбарлари ва ҳокимлар ҳар бир лойиҳанинг барча босқичларида — музокарадан тортиб, тендер ва хомашё таъминотигача бўлган жараёнда маҳаллий маҳсулотлар улушини ошириш учун шахсан жавобгар этиб белгиланди. Бундан буён давлат маблағлари ҳисобига амалга ошириладиган харидларда маҳаллий саноат манфаатлари устувор этиб белгиланиши қатъий назоратга олинади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Президент айнан шу йиғилишда саноат тармоқларида ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш, инновацияларни жорий этиш ва аҳоли учун автокредитларни янада ҳамёнбоп қилиш масалалари муҳокама қилинганди. Давлат раҳбари мавжуд ресурслардан оқилона фойдаланмаётган ва эскича бошқарув тизимида қолиб кетаётган раҳбарлар фаолиятини қаттиқ танқид қилган эди.

Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...