Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган янги тартибга кўра, аҳолини бепул дори воситалари билан таъминлаш кўлами сезиларли даражада кенгайтирилмоқда. Амалдаги 28 турдаги дори воситаси ўрнига жами 69 турдаги препарат беморларга бепул тақдим этилади.
Янгиланган рўйхатга онкологик, руҳий, меъда-ичак, юрак-қон томир тизими, ўпканинг сурункали обструктив касалликлари, эндокрин ва бошқа сурункали хасталикларни даволашга мўлжалланган дорилар киритилган. Бу чора-тадбир беморларнинг даволаниш харажатларини камайтириш ва тиббий ёрдам олиш имкониятини янада оширишга қаратилган.
Реимбурсация дастури доирасида дори воситаларини бепул олиш тартиби соддалаштирилган ва тўлиқ рақамлаштирилган. Дастлаб, фуқаро тиббий ёрдам олиш учун оилавий шифокорга мурожаат қилади. Шифокор беморнинг саломатлигини текшириб, унда Реимбурсация дастурига киритилган касалликлардан бири мавжудлигини аниқлаган тақдирда, тизим орқали электрон рецепт расмийлаштиради.
Бемор мазкур электрон рецепт асосида Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси билан шартнома тузган дорихоналарга бориб, ўзига керакли дори воситаларини ҳеч қандай тўловсиз қабул қилиб олиши мумкин.
Мазкур дастур 2026 йил якунига қадар мамлакатимизнинг барча ҳудудларида тўлиқ жорий этилиши белгиланган бўлиб, янгиланган рўйхат бўйича бепул таъминлаш тизими 2027 йилнинг 1 январидан кучга киради.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Ўзбекистонда кучли таъсир қилувчи дори воситаларини рецепт бўйича сотишдаги қоидабузарликлар учун жазо кучайтирилганди - энди жарима ва санкциялар сезиларли даражада оғирлашган.

Изоҳлар мавжуд емас