Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2026 йил 10 сентябрь куни электротехника саноатини янги босқичга олиб чиқиш, рақобатбардош маҳсулотлар чиқариш ва соҳани молиявий қўллаб-қўвватлашга қаратилган тақдимот билан танишди. Тақдимотда таъкидланишича, сўнгги йилларда соҳадаги ишлаб чиқариш ҳажми 2018 йилдаги 4,7 триллион сўмдан 43,1 триллион сўмга, экспорт эса 1 миллиард доллардан ошган.
Жорий йил якунига қадар ишлаб чиқаришни 51 триллион сўмга, экспортни 1,6 миллиард долларга етказиш ва 420 миллион долларлик 67 та лойиҳани ишга тушириш режалаштирилган. 2030 йилга бориб эса саноатда ишлаб чиқариш ҳажмини 11 миллиард долларга, экспортни 5 миллиард долларга етказиш, 3 миллиард доллар инвестиция жалб қилиш ва мисга қўшилган қийматни 35 фоизга ошириш кўзда тутилган.
Корхоналар томонидан мис хомашёсини харид қилишда тўловнинг 25 фоизини корхона, қолган 75 фоизини "Ўзсаноатэкспорт" жамияти амалга оширади. Корхоналар бу маблағни 90 кун ичида йиллик 6 фоизгача ставкада қайтаради ва бу мақсадга 50 миллион доллар ресурс ажратилади. Шунингдек, соҳа учун солиқ ва божхона имтиёзлари муддати 2030 йилгача узайтирилади.
Шунингдек, камида 50 миллион доллар сармоя киритадиган йирик халқаро бренд компанияларига солиқ имтиёзлари берилиб, тайёр инфратузилмали бинолар таклиф этилади. Бундан ташқари, кредитлар бўйича экспорт шартномалари ва суғурта полислари ҳам гаров таъминоти сифатида қабул қилинишига рухсат берилади.
Соҳада "Тўртинчи саноат инқилоби илмий-тадқиқот ва инновация маркази" ташкил этилади. Ушбу марказ янги маҳсулотларни рақамли моделлаштириш, прототиплар тайёрлаш ва маҳаллийлаштириш билан шуғулланади. Шу билан бирга, Афғонистон, Мўғулистон, Қозоғистон ва Ироқ бозорларига комплекс технологик ечимлар экспорти кенгайтирилади.
Эслатиб ўтамиз, бундан олдин Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган электротехника маҳсулотларининг илк партияси Суриянинг Ҳалаб шаҳрига етказиб берилганди. Бунинг учун Тошкент вилоятидаги Premier Electrotech қўшма корхонаси ва Суриянинг Kalash Trading компанияси ўртасида қиймати 5 миллион долларлик экспорт шартномаси имзоланган эди.

Изоҳлар мавжуд емас