Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Олий Мажлис Сенатининг 10 сентябрь куни бўлиб ўтган ялпи мажлисида "Миллий гвардия тўғрисида"ги Қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги қонун маъқулланди. Сенатор Қутбиддин Бурҳоновнинг маълум қилишича, янги ҳужжат билан Миллий гвардиянинг асосий вазифалари 12 тадан 11 тага тизимлаштирилиб, соҳадаги айрим ваколатлар ва ходимларнинг мажбуриятлари қонунан мустаҳкамланган.
Қонунга бир қатор асосий ўзгартириш ва янгиликлар киритилган. Хусусан, жамоат жойларида патруллик қилиш ҳамда давлат, муҳим ва тоифаланган объектларни, шунингдек, жисмоний ва юридик шахсларнинг мол-мулкини қўриқлаш вазифалари ягона қўриқлаш фаолияти атрофида бирлаштирилган. Бундан ташқари, оммавий тартибсизликлар ва ғалаёнларга чек қўйиш бўйича мустақил ёки бошқа органлар билан ҳамкорликда тадбирлар ўтказиш вазифаси янгидан қўшилган.
Эндиликда Миллий гвардия ходими фуқарога мурожаат қилганда ёки фуқаро унга мурожаат этганда ўз лавозими, унвони, исм-шарифини айтиши ва талаб қилинганда хизмат гувоҳномасини кўрсатиши шарт. Шунингдек, фуқаронинг ҳуқуқларини чекловчи чоралар қўлланилса, ходим бунинг сабаби ва асосларини, шунингдек, фуқаронинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини аниқ тушунтириб бериши белгиланган.
Жорий этилаётган ўзгартиришлар билан жамоат хавфсизлигини таъминлашда махсус воситаларнинг замонавий турларидан фойдаланиш ҳуқуқи мустаҳкамланган. Шу билан бирга, тизимга хос бўлмаган ва кераксиз деб топилган айрим ваколатлар чиқариб ташланган.
Бундан олдин профилактика инспекторлари хизмат йўналиши ва хизмат ўташ ҳудудидан қатъий назар фуқароларнинг мурожаатларига тезкорлик билан муносабат билдиришга мажбурлиги ҳақида янги қарор қабул қилинганди.

Изоҳлар мавжуд емас