Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Нукус туманидаги “Дийқан арна” маҳалласидаги хўжаликлардан бирида асални қайта ишлаш орқали йилига 200 миллион сўмга яқин даромад олинмоқда. Мавсум давомида бу ерда 2 тоннага яқин маҳсулот сотилади, 250 дан ортиқ асалари қутилари тайёрланиб, 80 миллион сўмгача даромад олинади.
Президент Шавкат Мирзиёев 18 сентябрь куни Қорақалпоғистонга ташрифи чоғида маҳалланинг ривожланиши билан танишди. Хўжаликда унга асални қайта ишлаш ва асалари қутиларини ясашни намойиш этишди.
Айни пайтда маҳаллада 20 дан ортиқ оила асаларичилик билан шуғулланиб, айрим хўжаликларда йилига бир тоннагача асал етиштирилмоқда. Йил охиригача яна 100 та хонадонни асаларичиликка жалб этиш режалаштирилган.
Маҳаллада асаларичилик “Бир маҳалла - бир маҳсулот” дастурининг асосий йўналиши этиб белгиланган. Асаларичилар уюшмаси янги хўжаликларда кооператив асосида асалари боқишни ташкил этишни режалаштирмоқда.
Президент ташриф давомида маҳалла фаоллари, нуронийлар ва ёшлар билан ҳам учрашди. Президент матбуот хизматининг маълум қилишича, Оролбўйини янада ривожлантириш ва аҳоли турмуш даражасини ошириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири бўлиб қолмоқда.
Эслатиб ўтамизки, Кегейли туманида Ижтимоий реестрга киритилган 50 та оила ўн сотихдан иссиқхоналарда маҳсулот етиштириш имкониятига эга бўлди. Шунингдек, улар учун ўқув машғулотлари ташкил этилиб, ҳосилни бозор нархида сотишга шароит яратилди. Беш гектарлик иссиқхона мажмуасини ташкил этиш учун 12,5 миллиард сўм имтиёзли маблағ ажратилди.

Изоҳлар мавжуд емас