Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. 2026 йил 1 октябрь ҳолатига кўра, Ўзбекистонда 1 миллион 58 минг 398 нафар ногиронлиги бўлган шахс рўйхатга олинган. Уларнинг 65,3 фоизи II гуруҳга мансуб. Мамлакат бўйича ҳар 100 нафар аҳолига ўртача 2,7 нафар ногиронлиги бўлган шахс тўғри келади. Ҳудудлар кесимида эса энг юқори кўрсаткич Навоий вилоятида, энг пасти Тошкент шаҳрида қайд этилган.
Бу маълумотлар Ижтимоий сиёсат лабораториясининг 2026 йилнинг дастлабки тўққиз ойи якунлари бўйича тайёрланган даврий ҳисоботида келтирилган.
Ҳисоботга кўра, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳудудлар бўйича улуши бир-биридан фарқ қилади. Энг юқори кўрсаткич Навоий вилоятида қайд этилган — 4,4 фоиз. Сирдарё вилоятида бу кўрсаткич 4,1 фоизни, Қорақалпоғистон Республикасида эса 3,3 фоизни ташкил қилган.
Энг паст кўрсаткичлар Тошкент шаҳрида — 2,1 фоиз ва Фарғона вилоятида — 2,3 фоиз кузатилган. Демак, Навоий вилоятидаги кўрсаткич пойтахтдагидан икки баравардан кўпроқ.
Ногиронлиги бўлган шахсларнинг асосий қисмини II гуруҳга мансуб фуқаролар ташкил этади. Ҳисобот даврида уларнинг сони 690,6 минг нафарга етган. Бу умумий кўрсаткичнинг 65,3 фоизига тенг.
Шунингдек, болалигидан ногиронлиги бўлган 163,4 минг нафар, III гуруҳга мансуб 106,1 минг нафар ва I гуруҳга мансуб 98,4 минг нафар шахс рўйхатга олинган.
Жинси бўйича тақсимотда эркаклар 54,7 фоизни, аёллар эса 45,3 фоизни ташкил этган. Ёш таркибига келсак, ногиронлиги бўлган шахсларнинг 49,9 фоизи 30 ёшдан пенсия ёшигача бўлган фуқаролар ҳиссасига тўғри келади. 30 ёшгача бўлганлар улуши 24 фоиз, пенсия ёшидагилар эса 26,1 фоизни ташкил этган. Уларнинг ўртача ёши 44 ёш.
2026 йил январь–сентябрь ойларида жами 267 минг 311 нафар фуқарога ногиронлик белгиланган. Уларнинг 67 минг 26 нафарида ногиронлик биринчи марта аниқланган. Бу жами ҳолатларнинг 25,1 фоизини ташкил этади.
Қолган 200 минг 285 нафар фуқаро эса қайта тиббий кўрикдан ўтказилган. Уларнинг улуши 74,9 фоизга тенг.
Биринчи марта ногиронлик белгиланганлар улуши ҳудудлар бўйича ҳам фарқ қилади. Энг юқори кўрсаткич Тошкент шаҳрида — 34,6 фоиз қайд этилган. Кейинги ўринларда Тошкент вилояти — 28,5 фоиз ва Фарғона вилояти — 28,3 фоиз туради.
Энг паст улуш Сирдарё вилоятида — 20 фоиз, Қашқадарё вилоятида — 20,6 фоиз ва Навоий вилоятида — 22,6 фоиз бўлган.
Ҳисоботда биринчи марта ногиронлик белгиланишига олиб келган асосий касалликлар ҳам кўрсатилган. Унга кўра, биринчи ўринда қон айланиш тизими касалликлари туради. Улар биринчи марта ногиронлик белгиланган ҳолатларнинг 17,4 фоизини ташкил этган.
Кейинги ўринларда хавфли ўсмалар — 12,4 фоиз, суяк-мушак тизими касалликлари — 10 фоиз ва эндокрин касалликлар — 9,1 фоиз қайд этилган.
Айрим туманларда ногиронлик кўрсаткичи республика бўйича ўртача даражадан анча юқори. Масалан, Навоий вилоятининг Қизилтепа туманида ҳар 100 нафар аҳолига тўғри келадиган кўрсаткич 6 фоизни ташкил этган. Сирдарё вилоятининг Сайхунобод туманида эса бу кўрсаткич 5,3 фоизга етган.
Таққослаш учун, республика бўйича ўртача кўрсаткич 2,7 фоизга тенг.
Олдинроқ Қонунчилик палатаси ногиронлик пенсиясини тайинлаш ва қайта ҳисоблашнинг проактив тизимини жорий этувчи қонун лойиҳасини қабул қилиб, Сенатга юборганди. Ҳужжат тўловларни рақамли тизим орқали автоматик расмийлаштиришни назарда тутади, бу эса фуқароларни шахсан мурожаат қилиш ва қоғоз маълумотномаларни йиғиш заруратидан бутунлай озод қилади.

Изоҳлар мавжуд емас