Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Туронбанк раҳбари билан боғлиқ тарқалган хабарлар юзасидан банк расмий изоҳ берди. Молия муассасаси ўз фаолияти одатий тартибда давом этаётганини ва мижозлар олдидаги мажбуриятлари тўлиқ бажарилаётганини маълум қилди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Туронбанк бошқаруви раиси Чори Мирзаев қўлга олингани ҳақида хабар берилганди. У йирик миқдордаги маблағларни ўзлаштириш гумони билан ушланганини хабар қилинганди. 22 ноябрь куни Туронбанк матбуот хизмати ушбу вазият юзасидан расмий баёнот берган.
Унда банк сўнгги кунларда бошқарув раиси билан боғлиқ тарқалаётган хабарлар жамоатчиликда саволлар туғдириши мумкинлигини қайд этган. Бироқ Мирзаевнинг қўлга олингани ёки унга нисбатан қандайдир процессуал чора кўрилгани ҳақида аниқ маълумот берилмаган.
Банк ўз фаолиятини белгиланган тартибда давом эттираётганини маълум қилган. Банк хизматлари марказлари, офислар ва рақамли платформалар орқали мижозларга хизмат кўрсатиш тўхтатилмаган. Омонатчилар, мижозлар, инвесторлар ва ҳамкорлар олдидаги барча мажбуриятлар ўз кучида қолиши таъкидланган.
Шунингдек, Туронбанк Кузатув кенгаши ҳам алоҳида баёнот эълон қилган. Унда кенгаш юзага келган вазиятни ўрганаётгани, банк бошқарувининг узлуксизлигини таъминлаш ва мижозлар манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича зарур чоралар кўраётгани билдирилган. Кенгаш ваколатли органлар билан ҳамкорлик қилаётганини ҳам маълум қилган.
Ҳозирча ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ушбу ҳолат юзасидан расмий баёнот эълон қилинмаган.

Изоҳлар мавжуд емас