Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Президент Шавкат Мирзиёев Иорданияга парвоз вақтида набираси Шавкатбекка мактуб ёзди. Унда давлат раҳбари нега тез-тез хорижий сафарларга чиқиши, бу сафарлардан кўзланган мақсад ва ўз ҳаётий тажрибаси ҳақида сўз юритган.
Мактубда президент набирасига нафақат унинг, балки унга ўхшаган миллионлаб Ўзбекистон болаларининг келажаги учун ҳам масъул эканини таъкидлаган.
"Тез-тез ўзга юртларга йўл олишим ҳам — сизларнинг, кўпмиллатли халқимизнинг тинч, тўкис ва тўкин яшашини истаганим туфайлидир. Сизлар мактабда яхши ўқиб, ақлли, билимдон бўлиб вояга етишингиз учун ҳам дунё кезишимга, янги-янги ҳамкорлар топишимга тўғри келади", — деб ёзган у.
Шунингдек, Мирзиёев ўзининг болалик йилларида пахта даласида меҳнат қилгани, мактабда ўқиган даврининг бир қисми дала ишларида ўтганини эслаган. У бундай қийинчиликларни бугунги авлод болалари бошидан кечирмаслиги кераклигини билдирган.
Президент муваффақиятсизликлардан хулоса чиқариш, тушкунликка тушмаслик ва қийинчиликларга қарамай олға интилиш муҳимлигини ҳам таъкидлаган.
"Ҳаётдаги энг катта ютуқ ҳеч қачон йиқилмасликда эмас, балки йиқилган тақдирда ҳам ўзида куч топиб қайта тура билишдадир", — дейилади мактубда.
Аввалроқ Президент Шавкат Мирзиёев 20 ноябрь куни Тошкентдан Паркент туманига янги электропоездда бориб, янги ишлар билан танишганди.

Изоҳлар мавжуд емас