Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистон 2027 йилда саёҳат қилиш учун энг хавфсиз мамлакатлар рейтингида 198 та давлат орасида 27-ўринни эгаллади. Мамлакат Австралиядан икки, Канададан эса етти поғона юқорида жойлашган.
Рейтингда Ўзбекистон 100 баллик тизимда 81,03 балл тўплаган. Австралия 80,76 балл билан 29-ўринни, Канада эса 80,41 балл билан 34-ўринни эгаллаган. Марказий Осиё мамлакатлари орасида Ўзбекистон энг юқори натижани қайд этган. Қозоғистон 44-ўриндан жой олган.
Тадқиқотда мамлакатлар хавфсизлиги бир нечта кўрсаткич асосида баҳоланган. Уларнинг 35 фоизини АҚШ ва Канада ҳукуматларининг сайёҳлар учун чиқарган сафар тавсиялари, 30 фоизини Глобал тинчлик индекси, 20 фоизини Numbeo платформасининг хавфсизлик индекси ва 15 фоизини БМТнинг гиёҳвандлик ва жиноятчилик бўйича бошқармаси маълумотларига асосланган қасддан одам ўлдириш кўрсаткичлари ташкил этган.
Шунингдек, қуролли можаролар, ҳарбий харажатлар, жиноятчилик ва аҳолининг ўз хавфсизлиги ҳақидаги тасаввурлари ҳам ҳисобга олинган. Рейтингнинг биринчи ўрнини 89,72 балл билан Сингапур эгаллаган. Япония иккинчи, Исландия учинчи, Словения тўртинчи ва Швейцария бешинчи ўриндан жой олган.
Шу билан бирга, рейтинг мамлакатдаги барча ҳудудлар сайёҳлар учун бир хил даражада хавфсиз эканини англатмайди.
Масалан, Австралия Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистонга сафар қиладиган фуқароларга юқори даражада эҳтиёткорликни тавсия қилмоқда. Канада эса мамлакатнинг асосий қисмида одатий хавфсизлик чораларига риоя қилишни тавсия этса-да, Афғонистон билан чегаранинг беш километрлик ҳудудига бормаслик ҳақида огоҳлантирилган.
Олдинроқ Ўзбекистон туризмни ривожлантириш бўйича дунёда 76-ўринни эгаллаганди.

Изоҳлар мавжуд емас