Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Бугун бўлиб ўтаётган Ёшлар куни учрашувида Президент Шавкат Мирзиёев олийгоҳ битирувчиларининг бандлигини таъминлаш ҳамда ёшларни тадбиркорликка жалб этиш бўйича ташаббусларни илгари сурди. Хусусан, давлатимиз раҳбари олийгоҳ битирувчисини ишга қабул қилган тадбиркорлар учун янги ёш мутахассиснинг даромад ва ижтимоий солиғи бир йил давомида атиги 1 фоиз қилиб белгиланишини маълум қилди. Бу имтиёз жорий йилда меҳнат бозорига кириб келаётган 200 мингга яқин битирувчини иш билан таъминлайдиган тадбиркорлар учун жуда катта молиявий рағбат бўлади.
Шунингдек, учрашувда айни пайтда ижтимоий реестрга кирмаган, аммо алоҳида кўмакка муҳтож бўлган — ота-она қарамоғидан маҳрум, ҳарбий хизмат, миграция ёки жазони ўтаб қайтган ҳамда жисмоний имконияти чекланган 1 миллионга яқин ёшлар борлигига эътибор қаратилган. Уларнинг ўз йўлини топиб кетишига ёрдам бериш мақсадида "Кафолатланган биринчи қадам" пакети жорий этилади. Бу жараёнда фаол талабаларни жалб қилиш учун янги тизим йўлга қўйилади: "Устоз-шогирд" дастури асосида уюшмаган ёшларни ўқитиб, уларнинг олийгоҳга киришига кўмаклашган талабаларга магистратурага киришда қўшимча балл берилади ҳамда давлат стипендияларини олишда устуворлик тақдим этилади.
Бундан ташқари, Президент савдо, сервис ва ишлаб чиқариш соҳаларида ўз брендини яратиб улгурган минглаб муваффақиятли ёшларни уюшмаган тенгдошларига бизнесни ўргатишга ва уларнинг даромад топишига кўмаклашишга чақирган. Шу мақсадда юртимизда "Ёшлар мини-франшизаси" дастури ишга тушириладиган бўлган. Унга кўра, ўз фаолиятини кенгайтирмоқчи бўлган ёш тадбиркорларга имтиёзли шартларда ер ва кредитлар берилади.
Маҳаллий брендлар франшизасини олиб, ўз бизнесини бошламоқчи бўлган йигит-қизларга эса Ёшлар тадбиркорлиги жамғармасидан 300 миллион сўмгача фоизсиз ссуда ажратилади. Мазкур янги дастурларни молиялаштириш учун давлат томонидан 500 миллиард сўм маблағ йўналтирилиши белгиланган.

Изоҳлар мавжуд емас