Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Қирғизистон ва Ўзбекистон давлат чегарасининг Ўш вилоятида жойлашган "Дўстлик" чегара ветеринария назорат пунктида Ўзбекистондан олиб келинаётган 650 килограмм колбаса маҳсулотларининг Қирғизистон ҳудудига олиб кирилишига рухсат берилмади.
Чегара пункти инспекторлари томонидан юк текширилганда, Евроосиё иқтисодий иттифоқининг ветеринария-санитария талаблари бузилганлиги аниқланган. Хусусан, маҳсулотларнинг ҳеч қандай маркировкага эга эмаслиги ва белгиланган ветеринария-санитария мезонларига жавоб бермаслиги маълум бўлган.
Ушбу қоидабузарликлар асосида гўшт маҳсулотларини Қирғизистон Республикаси ҳудудига олиб кириш тақиқланган. Инспекторлар томонидан тегишли далолатномалар расмийлаштирилгач, юк "Дўстлик" назорат пункти орқали Ўзбекистонга қайтариб юборилган. Бу каби давлат ветеринария назорати тадбирлари чегара орқали ҳаракатланаётган маҳсулотлар хавфсизлигини таъминлаш ва талабларга мос келмайдиган товарларнинг мамлакатга кириб келишининг олдини олишга қаратилган.
Аввалроқ Қирғизистон назорат органлари Ўзбекистондан олиб кирилган 21 тонна тарвузни мамлакат ҳудудига киритишга рухсат бермаганди. Расмийларга кўра, қарор маҳсулот сифати ёки зараркунандалар аниқлангани билан эмас, балки маркировка талабларига риоя қилинмагани билан боғлиқ.

Изоҳлар мавжуд емас