Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Президентнинг 2026-йил 29-майдаги тегишли фармонига мувофиқ, жорий йилнинг 1-июнидан бошлаб савдо, умумий овқатланиш ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги тадбиркорлар учун янги солиқ имтиёзлари кучга киради. Унга кўра, 2030-йилнинг 1-январига қадар мазкур соҳа вакиллари ихтиёрий равишда 6 фоизлик соддалаштирилган ҚҚС тартибига ўтишлари мумкин.
Эндиликда соддалаштирилган тизимга ўтган тадбиркорлар учун фойда солиғи ставкаси 0 фоиз этиб белгиланади ва солиқ ҳисоботларини топшириш талаби бекор қилинади.
Умумий овқатланиш корхоналарига тўланган ҚҚСнинг 40 фоизи, тушумнинг нақд пулсиз ёки нақд шаклда бўлишидан қатъи назар, тадбиркорга қайтариб берилади.
Овқатланиш корхоналарида ходимларни меҳнат органларининг мобил иловаси орқали шу куннинг ўзида соддалаштирилган тартибда ишга қабул қилиш имконияти яратилади.
Бундан ташқари меҳмонхона ва умумий овқатланиш объектларида алкоголь ҳамда тамаки маҳсулотларини сотишда нақд пул тўловларини қабул қилишга рухсат берилади. Шунингдек, объектларга туташ ҳудудлардан фойдаланиш учун ижара тўлови ер солиғининг бир баравари миқдорида белгиланди.
2027-йил 1-январдан бошлаб эса алкоголь сотиш ҳуқуқи учун йиғимлар бирлаштирилиб, уларнинг ставкаси базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 фоизи этиб белгиланади. Таъкидлаш жоизки, 6 фоизлик тизимга ўтган корхоналар ўзлари сотиб олган товарлар бўйича ҚҚСни ҳисобга олиш ҳуқуқидан фойдаланмайди, аммо улардан маҳсулот харид қилган харидорларда бундай ҳуқуқ сақланиб қолади.

Изоҳлар мавжуд емас