Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистонда қаттиқ маиший чиқиндиларни термик қайта ишлаш орқали электр энергияси ишлаб чиқариш бўйича 11 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилмоқда. Барча заводлар тўлиқ қувватда ишга тушгач, мамлакатда йилига 5,4 миллион тонна чиқинди қайта ишланиб, 2,2 миллиард киловатт соат электр энергияси ишлаб чиқарилади.
Бу ҳақда Чиқиндиларни бошқариш ва сиркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги бошқарма бошлиғи Азиза Назарова ОАВ учун контент тайёрлаш марказида ўтказилган брифингда маълум қилди.
Лойиҳалар икки босқичда амалга оширилмоқда. Уларнинг умумий қиймати 1 миллиард 558 миллион доллар бўлиб, маблағлар тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳисобидан йўналтирилади.
Биринчи босқичда 933 миллион доллар инвестиция эвазига 6 та завод қурилиши бошланган. Улар Наманган, Фарғона, Қашқадарё, Самарқанд, Андижон ва Тошкент вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрини қамраб олади.
Иккинчи босқич доирасида эса 625 миллион долларлик 5 та завод барпо этилмоқда. Лойиҳалар Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Жиззах, Навоий, Сирдарё, Сурхондарё ва Хоразм вилоятларини қамраб олади.
Янги заводлар тўлиқ қувватда ишлаганда йилига 1,9 миллион тонна маиший чиқинди термик қайта ишланади. Бу жараёнда 635 миллион киловатт соат электр энергияси ишлаб чиқарилиб, 158 миллион куб метр табиий газ тежалади. Шунингдек, иссиқхона газлари чиқиндиси 316 минг тоннагача камайтирилиши ва 500 та янги иш ўрни яратилиши кутилмоқда.
Икки босқичдаги барча лойиҳалар 2027–2028 йилларда босқичма-босқич ишга туширилиши режалаштирилган. Натижада республика ҳудудларини қамраб олган чиқиндидан электр энергияси ишлаб чиқариш тизими шаклланади ва 1500 та янги иш ўрни яратилади.
Заводларда ишлаб чиқарилган электр энергиясини «Ўзэнергосотиш» АЖ 30 йил давомида кафолатли равишда харид қилиши белгиланган. Чиқиндиларни қайта ишлаш жараёнида атмосферага зарарли моддалар чиқишини чекловчи замонавий технологиялардан фойдаланилади.
Лойиҳалар натижасида чиқиндиларни полигонларга жойлаштириш ҳажмини камайтириш ва уларни энергия манбаига айлантириш кўзда тутилган.

Изоҳлар мавжуд емас