Загрузка
Загрузка
Ўзбекистонлик оила депортациядан сақланиш учун Нидерландиядаги черковда икки йил яшади
Ҳодисалар

Ўзбекистонлик оила депортациядан сақланиш учун Нидерландиядаги черковда икки йил яшади

9
Загрузка

Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz.   Нидерландиянинг Кампен шаҳридаги протестант черкови Ўзбекистондан борган Бабаянцлар оиласини мамлакатдан депортация қилинишидан ҳимоя қилиш мақсадида 730 кун давомида тўхтовсиз диний маросим ўтказди. 2026 йил 21 ноябрь куни, айнан икки йиллик маросимдан сўнг, оила янги яшаш рухсатномаси учун ариза топширгани сабабли черковни тарк этиш имкониятига эга бўлди.

Бабаянцлар оиласи — ота-она ва тўрт нафар фарзанддан иборат. Улар 2014 йилда Ўзбекистондан Нидерландияга бориб, сиёсий бошпана сўраган. Оила бошлиғи Александр Бабаянц ватанида таъқибга учрашдан қўрқишини билдирган.

Бироқ уларнинг бошпана олиш бўйича бир неча аризаси рад этилган. Шу вақт ичида оиланинг икки фарзанди Нидерландияда туғилган. Ҳозир фарзандлар 22, 16, 12 ва 5 ёшда.

Оилани Ўзбекистонга қайтариш хавфи пайдо бўлганидан кейин, 2024 йил ноябрь ойида Кампен шаҳридаги Open Hof протестант черкови уларга бошпана берган. Нидерландияда диний маросим ўтказилаётган вақтда полиция черковга кириб, уни тўхтата олмайди. Черков жамоаси айнан шу ҳуқуқий имкониятдан фойдаланиб, оилани депортациядан ҳимоя қилишга қарор қилган.

2024 йил 21 ноябрда бошланган диний маросим икки йил давомида бирор марта тўхтатилмаган. Руҳонийлар, кўнгиллилар ва черков аъзолари навбатма-навбат ибодат, дуо ва қўшиқлар билан маросимни давом эттирган.

Бу жараёнда Нидерландиянинг турли ҳудудлари ва хориждан келган икки мингдан ортиқ кўнгилли иштирок этган. Ҳар икки соатлик навбатда камида уч киши бўлиши керак бўлган. Бу вақт давомида оила черков ҳудудидан ташқарига чиқа олмаган. Болаларнинг таълими учун кўнгилли ўқитувчилар черковга келиб дарс берган.

Оила фарзандлари одатдаги мактаб ҳаётидан, дўстлари билан учрашиш ва кўчада ўйнаш имкониятидан маҳрум бўлган. 16 ёшли Ариана Нидерландияни ўз ватани деб билишини ва оддий ҳаётга қайтишни исташини айтган. Оиланинг ҳуқуқий вазияти 2026 йилдаги суд қарори ортидан ўзгариш имкониятига эга бўлган.

1 июль куни Нидерландиянинг Олий маъмурий суди мамлакатда узоқ йиллар яшаб, шу ерда улғайган болалари бор учта бошпана сўровчи оила ишини кўриб чиқиб, уларнинг яшаш ҳуқуқини таъминлаш бўйича қарор қабул қилган. Суд вазирлик бундай ишларда болалар манфаатларига кўпроқ эътибор қаратиши кераклигини белгилаган. Бу қарор Бабаянцлар оиласи учун ҳам янги ҳуқуқий имконият яратган.

Оиланинг адвокати Инге Зёйдхук Европа инсон ҳуқуқлари конвенциясининг 8-моддасига асосланган янги ариза тайёрлаган. Унда оиланинг Нидерландияда шаклланган шахсий ва оилавий ҳаёти, болаларнинг шу мамлакат билан узвий боғлиқлигига оид қўшимча маълумотлар келтирилган. Ушбу модда шахсий ва оилавий ҳаётни ҳурмат қилиш ҳуқуқини кафолатлайди. Янги ариза кўриб чиқилаётган даврда оила Нидерландияда қонуний қолиш ҳуқуқига эга бўлган.

Шу сабаб 21 ноябрь куни Open Hof черковидаги узлуксиз диний маросим якунланган. Черков координатори Герман Стомпхорстнинг маълум қилишича, мамлакатдаги бошпана сўровчиларни жойлаштириш хизмати — COA оила учун вақтинчалик турар жой тайёрламоқда. Улар яқин кунларда черковни тарк этиши кутилмоқда.

Загрузка
Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...