Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистон 2025 йил якунларига кўра Туркиянинг Марказий Осиёдаги давлатлари орасида иккинчи йирик савдо ҳамкори бўлди. Икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 3,1 миллиард долларга етган.
Туркия Савдо вазирлиги маълумотларига кўра, минтақа давлатлари орасида Туркиянинг энг катта савдо айланмаси Қозоғистон билан қайд этилган — 7,8 миллиард доллар. Ўзбекистон 3,1 миллиард доллар билан иккинчи ўринни эгаллаган. Қирғизистон билан савдо ҳажми эса 1,6 миллиард долларга етган.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар орасида Туркиянинг учинчи йирик савдо ҳамкори ҳисобланади. Биринчи ўринда Қозоғистон, иккинчи ўринда Озарбайжон турибди — улар билан савдо ҳажми мос равишда 7,8 миллиард ва 4,3 миллиард долларни ташкил этган.
Умуман, 2025 йилда Туркиянинг Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар билан савдо айланмаси 16,9 миллиард долларга етган. 2026 йилнинг январь-июль ойларида эса ушбу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 6,6 фоизга ошиб, 10,1 миллиард долларни ташкил қилган.
Туркия Савдо вазирлиги Марказий Осиёнинг халқаро савдо ва логистикадаги аҳамияти ошиб бораётганини таъкидлаган. Хусусан, Хитойни Марказий Осиё ва Туркия орқали Европа билан боғлайдиган Ўрта коридор минтақанинг савдо-логистика салоҳиятини янада ошириши қайд этилган.

Изоҳлар мавжуд емас