Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Рақобат қўмитаси нотариал тартибда расмийлаштириладиган кўчмас мулк олди-сотди шартномаларидан "эски қарздорликни янги эгасига юклаш" мазмунидаги бандларни чиқариб ташлаш бўйича ташаббус илгари сурди. Таклиф Адлия вазирлигига юборилган.
Амалдаги тартибга кўра, кўчмас мулк битимлари нотариал тасдиқланишидан олдин NOTARIUS автоматлаштирилган ахборот тизими орқали солиқ ва коммунал тўловлар бўйича қарздорликлар мажбурий текширилади. Қарздорлик аниқланмаган тақдирдагина битимни расмийлаштиришга рухсат берилади.
Шунингдек, коммунал хизмат кўрсатувчи ташкилотлар ўз биллинг маълумотларининг тўғрилиги ва уларни электрон тизимларга ўз вақтида киритилиши учун жавобгар ҳисобланади.
Қўмитага келиб тушган мурожаатлардан бири мисолида, Самарқанд вилоятида фуқаро хонадон сотиб олгани, нотариал расмийлаштириш жараёнида тизимда қарздорлик йўқлиги кўрсатилгани маълум қилинган. Бироқ кейинчалик "Самарқанд сув таъминоти" томонидан ушбу хонадон бўйича 13 миллион сўм қарздорлик мавжудлиги билдирилган.
Қайта ўрганишлар натижасида мазкур қарз биллинг тизимидаги хатолик оқибатида, ташкилотнинг собиқ ходими томонидан нотўғри киритилгани аниқланган. Натижада фуқарога нисбатан асоссиз қарздорлик бекор қилиниб, 13 миллион сўм қайта ҳисоб-китоб қилинган.
Рақобат қўмитаси таъкидлашича, олди-сотди шартномаларида "кейинчалик қарздорлик юзага келса, уни сотиб олувчи тўлайди" каби бандлар истеъмолчи ҳуқуқларини чеклаши мумкин. Шу боис бундай шартлар қонунчиликка зид ҳисобланиб, қўлланилиши мумкин эмас.
Қўмита ташаббуси доирасида нотариал шартномалардан истеъмолчи зиммасига ноаниқ ёки олдинги эгаси қарзларини юкловчи бандларни чиқариб ташлаш таклиф этилмоқда.

Изоҳлар мавжуд емас