Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистонда 2030 йилга қадар миллий статистика тизими янгиланади. Бунда рақамли технологиялардан кенг фойдаланиш ва тадбиркорларнинг ҳисобот топшириш юкини камайтиришга алоҳида эътибор қаратилади.
Бу режалар Президент Шавкат Мирзиёевга соҳани ислоҳ қилиш бўйича ўтказилган тақдимотда маълум қилинди.
Янги стратегияга мувофиқ, бизнес учун ҳисобот юки 20 фоизга қисқартирилади. Шунингдек, маъмурий ва муқобил маълумот манбалари сони 1,7 баробар кўпайтирилади. Маълумотларни қайта ишлаш вақти 20 фоизга, тизим харажатлари эса 25 фоизга қисқаради.
Рақамли ўзгаришларнинг асосий қисми ягона маълумотлар платформасини ишга туширишни назарда тутади. Платформа 2027 йил 1 июлга қадар ишга туширилади. Шу муддатга қадар статистик маълумотлар сунъий интеллект тизимлари тўғридан-тўғри ўқий оладиган форматларга ўтказилади. Кўрсаткичларни қиёслаш ва таҳлил қилиш учун сунъий интеллект агентлари ҳам ишга туширилади.
2027 йил якунига қадар аҳоли ва демография, қишлоқ хўжалиги, инфратузилма ҳамда ҳудудий ривожланишга оид маълумотлар рақамли геофазовий хариталарда акс эттирилади.
Жараёнларни мувофиқлаштириш учун Маълумотларни бошқариш комиссияси тузилади. Комиссия 1 декабрга қадар маълумотларни бошқариш бўйича барча идоравий тизимларни хатловдан ўтказади. 2027 йил 1 майга қадар уларни такомиллаштириш бўйича режа тасдиқланади.
Бундан ташқари, давлат хизматчилари, таҳлилчилар ва журналистлар учун Маълумотларга асосланган бошқарув мактаби ташкил этилади. Очиқ маълумотлар бўйича лойиҳа офиси ҳам ташкил этиш режалаштирилган.
2027–2028 йилларда Мультииндикатор кластер кузатувининг еттинчи раунди ўтказилади. Шунингдек, Халқаро валюта жамғармаси иштирокида янгиланган миллий статистика тизимининг халқаро стандартлар ва кодексларга мувофиқлиги баҳоланади.
Давлат раҳбари тезкор ва ишончли статистика тўғри бошқарув қарорларини қабул қилишнинг асосий шарти эканини таъкидлаб, белгиланган вазифаларни тўлиқ бажариш бўйича топшириқлар берди.

Изоҳлар мавжуд емас