Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz ЯА. Марказий банк доллар курсининг ошиш сабабларини тушунтириб берди. Март ойида хориж валютасига бўлган талаб 45 фоизга ошган. Аммо, Марказий банкнинг ишонтиришича, банклар томонидан хориж валютасини харид қилиш ёки сотиш бўйича ҳеч қандай чекловлар ўрнатилмаган. Бу ҳақида мухбиримиз хабар бермоқда.
Марказий банкнинг хабарида маълум қилинишича, сўмнинг АҚШ долларига нисбатан биржа курси ой бошига нисбатан 1,8 фоизга ошиб,762 сўмни ташкил этган. Йил бошидан буён курс 2,7 фоизга ошган.
Маълумки, сўмнинг биржа курсининг ўзгариши талаб ва таклифнинг ички ва ташқи омиллари таъсирида, биринчи навбатда, жорий операциялар ҳисобварағи ўзгариши асосида шаклланади.
Коронавирус тарқалишини олдини олиш бўйича ҳамкор давлатларда ва республикамизда амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижасида савдо ҳамда инвестициялар билан боғлиқ операцияларнинг секинлашиши, ўз навбатида, импорт-экспорт ҳажмларининг қисқаришига ва мос равишда ички валюта бозорида фаолликнинг пасайишига сабаб бўлган.
Олдинги ойга нисбатан жорий йилнинг март ойида экспорт тушумлари ҳажми 10 фоизга камайган. Карантин чоралари ва иқтисодий фаолликнинг секинлашиши, шунингдек, Россия ва Қозоғистонда миллий валюталар курсининг девальвацияси туфайли трансчегаравий пул ўтказмаларида ҳам пасайиш тенденцияси кузатилмоқда.
Ўзбекистонга пул ўтказмалари миқдори ҳам пасайган. Жорий йил март ойида мамлакатимизга амалга оширилган пул ўтказмалари ҳажми 296 млн. долларни ташкил этиб, февраль ойига нисбатан 23 фоизга пасайган. Апрелнинг дастлабки 8 иш кунида март ойининг шу даврига нисбатан пул ўтказмалари ҳажми 3 баробарга қисқарган.
Март ойидан бошлаб аҳоли томонидан хорижий валюта сотиб олиш ҳажмининг сезиларли даражада ошган бўлиб, жисмоний шахслар томонидан чет эл валютасини сотиб олиш ҳажмининг ойлик ўсиши 45 фоизни ташкил этган. Апрель ойининг дастлабки 8 иш кунида сотиб олиш ҳажми ўтган ойнинг шу даврига нисбатан 28 фоизга кўпайган.
Марказий банк берган маълумотга қараганда: “Юқоридаги омиллар, шунингдек, асосий савдо ҳамкорлар миллий валюта курсларининг сезиларли даражада қадрсизланиши натижасида ички валюта бозорида миллий валюта курсининг маълум даражада тўғриланиши ва шунга мос равишда сўмнинг асосий савдо ҳамкорлар валюталарига нисбатан реал эффектив алмашув курси тафовутининг қисқариши кузатилмоқда.
Хусусан, жорий йил март ойидан бошлаб Россия рублининг АҚШ долларига нисбатан алмашув курси 10,3 фоизга, қозоқ тенгеси 12 фоизга, турк лираси 7,6 фоизга ва қирғиз соми 11,2 фоизга қадрсизланган.
Марказий банк сўм алмашув курсининг қадрсизланиши эҳтимолини паст даражада баҳоламоқда. Дастлабки тахминларга кўра, қисқа муддатли даврда сўм алмашув курси маълум бир кичик ўзгаришлардан кейин ўзининг фундаментал трендига яқин даражада шаклланади.
Шу билан бирга, Марказий банкнинг ишонтиришича, тижорат банкларида конверcия операцияларини амалга ошириш учун етарли миқдорда нақд хорижий валюта мавжуд ва барча банкноталар дезинфекция қилинган. Банкларнинг айирбошлаш шахобчалари одатдаги режимда ишламоқда ва нақд хорижий валютани сотиш ва сотиб олиш бўйича ҳеч қандай чеклов ва тўсиқлар ўрнатилмаган.
Изоҳлар мавжуд емас