Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Жанубий Кореянинг Паран шаҳрида Koreta компаниясининг 6 миллион АҚШ доллари қийматга эга савдо-логистика маркази иш бошлади. Янги комплекс Ўзбекистон товарларини, жумладан Фарғона вилояти маҳсулотларини тарғиб қилиш учун майдонча вазифасини бажаради.
Марказ очилиш маросимида Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров ва Жанубий Кореядаги Ўзбекистон элчиси Алишер Абдусаломов иштирок этди. Уларнинг сўзларига кўра, марказни ишга тушириш минтақанинг экспорт имкониятларини кенгайтириш ва чет элдаги ватандош тадбиркорларни қўллаб-қувватлашда муҳим қадам бўлади.
Вилоят ҳокимияти матбуот хизмати хабар беришича, марказни ташкил қилиш ғояси Фарғонадан чиққан учта ёш тадбиркор — Абдувоҳид Кодиров, Жавоҳир Валиев ва Муҳаммадсаид Хўжаевга тегишли.
Koreta компанияси Жанубий Корея бозорида ўн йилдан ортиқ фаолият юритиб, озиқ-овқат ва текстиль маҳсулотлари етказиб бериб келмоқда. Компания минглаб доимий мижозларга хизмат кўрсатади ва мингдан ортиқ турдаги маҳсулотларни таклиф этади. Товарлар 17 мамлакатдан, жумладан Ўзбекистон, Россия, Грузия, Болгария, Италия, Польша ва Нидерландиядан олиб келинади.

Изоҳлар мавжуд емас