Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Россия Президенти Владимир Путин АҚШ етакчиси Доналд Трамп билан телефон орқали мулоқотда 9-май – Ғалаба куни муносабати билан ҳарбий ҳаракатларни вақтинча тўхтатиш ташаббуси билан чиқди. Томонлар Украинадаги можарони ҳал қилиш бўйича келишув яқинлигини муҳокама қилдилар.
Кремль вакили Юрий Ушаковнинг маълум қилишича, АҚШ Президенти ушбу ташаббусни фаол қўллаб-қувватлаган. Трамп ушбу байрам Иккинчи жаҳон урушида нацизм устидан қозонилган умумий ғалабанинг рамзи эканини алоҳида қайд этган.
Мулоқот давомида икки давлат раҳбари Украинадаги вазият бўйича ҳам фикр алмашганлар. Улар Владимир Зеленский Европа давлатлари таъсирида можарони чўзишга уринаётгани борасида бир тўхтамга келганлар. Россия Президенти Киев расмийларини фуқаролик объектларига ҳужум қилишда ва "террористик усуллардан" фойдаланишда айблади.
Владимир Путин Россия қўшинлари фронтда ташаббусни ўз қўлида ушлаб тургани ва олдинга силжиётганини таъкидлаб, "махсус ҳарбий операция" мақсадлари қандай бўлмасин амалга оширилишини билдирган. Ўз навбатида, Оқ уй раҳбари Украинадаги можарога якун ясайдиган келишувга эришиш вақти яқинлашганига ишонишини билдирган.
Маьлумот учун, ўтган йили Ғалабанинг 80 йиллиги муносабати билан Россия томонидан 8-май соат 00:00 дан 11-май соат 00:00 га қадар сулҳ эълон қилинган эди. Бироқ ўшанда расмий Кремль Киев томонидан чегараларга беш маротаба ҳужум уюштиришга уринишлар бўлганини маълум қилганди.
Бундан олдин Украинадаги можаро ҳудудида 11 апрель куни тушдан кейин 32 соатлик Пасха сулҳи эълон қилинганди.

Изоҳлар мавжуд емас