Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. "Чегарасиз мухбирлар" (Reporters Without Borders) халқаро ташкилотининг 2026-йил учун эълон қилинган Жаҳон матбуот эркинлиги индексида Ўзбекистон 180 мамлакат орасида 147-ўринни қайд этди. Янги ҳисобот жаҳон миқёсида журналистика соҳасидаги вазият, хусусан, сиёсий босим ва медиа бозорининг заифлашуви кузатилаётганини кўрсатмоқда.
Ташкилотнинг таҳлилига кўра, жорий йилда дунёнинг 180 та мамлакатидан 100 тасида матбуот эркинлиги кўрсаткичлари ёмонлашган. Бу глобал тенденция бўлиб, давлатларнинг ярмидан кўпи журналистлар учун "қийин» ёки хавфли ҳудудлар тоифасига киритилган.
Шарқий Европа ва Марказий Осиё минтақаси қаттиқ чекловлар сақланиб қолган ҳудудлар сирасига кирган. Минтақадаги айрим давлатлар – Беларус (165-ўрин), Озарбайжон (171-ўрин), Россия (172-ўрин) ва Туркманистон (173-ўрин) ҳуқуқий индикаторлар бўйича энг паст кўрсаткичларни (100 баллик тизимда 22–32 балл) қайд этган.
Ҳисоботда қайд этилишича, Украина (55-ўрин) давом этаётган ҳарбий можароларга қарамай, матбуот эркинлиги борасида нисбий яхшиланишга эришган. Гарчи Европа мамлакатлари рейтингда юқори ўринларни сақлаб қолган бўлса-да, у ерда ҳам European Media Freedom Act ижроси билан боғлиқ муаммолар ва сиёсий босим омиллари мавжуд. Масалан, Эстония бу йил иккинчи ўриндан учинчи ўринга тушган.
Жаҳон миқёсидаги ушбу таҳлиллар сўз эркинлиги, журналистларнинг хавфсизлиги ва медиа мустақиллиги борасидаги глобал муаммолар нақадар долзарб эканини кўрсатмоқда. Ташкилот ҳар бир ҳудуддаги вазиятни ҳуқуқий, ижтимоий ва сиёсий индикаторлар асосида баҳолаб, мамлакатлар олдида турган чақириқларни алоҳида ажратиб кўрсатган.
Маъумот учун, Ўзбекистон 2024 йилги кўрсаткичдан ўз ўрнини бир поғонага яхшилаган. Мамлакат ўшанда 148-ўринда эди.

Изоҳлар мавжуд емас