Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz ЯА. 13 май куни соат 6-00дан бошлаб Самарқандда карантин чаралари кучайтирилади. Бу ҳақида шаҳар ҳокимлиги берган хабарга асосланиб, Batafsil.uz мухбири маълум қилмоқда.
Шу пайтдан бошлаб, эрталаб ва кечқурун транспорт воситаларининг махсус стикерсиз эркин ҳаракатланиши таъқиқланади. Шунингдек, эртадан бошлаб Самарқандда озиқ-овқат дўконлари, дорихоналар ва деҳқон бозорларидан ташқари барча турдаги хизматлар кўрсатиш ман қилинади.
Озиқ-овқат дўконлари, бозорлар ва дорихоналар маъмурияти ўз ҳудудида ҳар-бир келган харидорнинг тана ҳароратини ўлчаши, кириш қисмида дезинфекция воситалари билан ишлов бериши ва харидорларга бепул ниқоб ва қўлқоплар бериши шарт.
Бундан ташқари, Самарқандга киришда ўрнатилган 25 та блокпостлар кучайтирилади. Шаҳарга кириш ва унинг атрофида стикерларсиз ҳаракатланиш таъқиқланади.
Шунингдек, ҳар бир ташкилотнинг кириш жойида кирадиган шахсларнинг тана ҳароратини ўлчайдиган ходим бўлиши керак. Бу борада мулкчилик шаклидан қатъи назар, ташкилот ва муассасаларга бегоналарнинг киришига йўл қўйилмайди.
Ҳокимлик берган маълумотга кўра, бугунги кунда Самарқандда 10 та мобил гуруҳ фаолият кўрсатмоқда. Коронавирусга қарши курашни фаоллаштириш учун яна 15та гуруҳ ташкил этилиб, карантинга риоя этилиши кунлик назорат қилиб борилади.
Изоҳлар мавжуд емас