Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Тошкент давлат педагогика университетининг қатор йирик бинолари электрон аукцион орқали савдога чиқарилди. Мазкур объектларнинг келажакда фақат таълим йўналишини сақлаб қолган ҳолда хусусий секторга ўтказилиши пойтахтимиз таълим инфратузилмасини янада ривожлантиришга хизмат қилади.
Электрон савдо шартларига кўра, сотиб олувчилар ушбу кўчмас мулкнинг мақсадли вазифасини эркин ўзгартира олмайди — бинолар ўрнида тегишли фаолият турини сақлаб қолган ҳолда нодавлат таълим муассасалари ташкил этилиши шарт этиб белгиланган.
Хусусан, Чилонзор туманидаги Табиий фанлар факультети биноси (325,9 миллиард сўм), Муқимий кўчасидаги талабалар ётоқхоналари (272,3 миллиард сўм), Яшнобод туманидаги Ҳарбий таълим факультети биноси (268,7 миллиард сўм) ҳамда Яккасарой туманидаги Филология факультети биноси (141,1 миллиард сўм) савдога чиқарилган. Ушбу тўртта объектнинг жами бошланғич қиймати 1,008 триллион сўмни ташкил этган.
Шунингдек, хусусийлаштириш жараёнлари доирасида бошқа давлат мулклари ҳам аукционга қўйилган. Жумладан, Нукус кўчасидаги Бандлик ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги биноси 180 миллиард сўмга, Олмазор туманидаги Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида назорат инспекцияси биноси эса 280 миллиард сўм бошланғич нарх билан савдога чиқарилган. Барча олтита объектнинг умумий бошланғич қиймати қарийб 1,47 триллион сўмни ташкил этган.
Аввалроқ Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев Янги Тошкентда Низомий номидаги Ўзбекистон Миллий педагогика университетининг янги кампусини тантанали равишда фойдаланишга топширилганди.

Изоҳлар мавжуд емас