Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Президент Шавкат Мирзиёев аҳолини, айниқса, ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларни қўллаб-қувватлаш ва соҳадаги қонунчиликни такомиллаштиришга қаратилган таклифлар тақдимоти билан танишди. Давлат раҳбари янги механизм ва ташаббусларни маъқуллаб, тегишли ҳужжатларни имзолади.
Тақдим этилган таклифлар ижтимоий хизматлар қамрови ва сифатини ошириш, уларни рақамлаштириш ҳамда манзилли ва шаффоф тарзда кўрсатишни назарда тутади. Хусусан, ногиронлиги бўлган шахслар, парваришга муҳтож фуқаролар, болали оилалар ва зўравонликдан жабрланган аёлларни қўллаб-қувватлаш устувор йўналиш сифатида белгиланган.
2026 йилдан бошлаб бир қатор янги хизматлар жорий этилади. Жумладан, 0–3 ёшли болалар учун "Эрта аралашув" хизмати йўлга қўйилиб, уларга махсус педагогик ва реабилитацион ёрдам кўрсатилади. Шунингдек, руҳий ҳолатида ўзгаришлари бор шахслар учун "Янги кун" кундузги парвариш хизмати, уйда қараб туриш, "Мадад" уйлари ва қисқа муддатли жойлаштириш хизматлари ташкил этилади.
Янги тизим асосида 2026 йилда 8300 нафар шахсни қамраб олиш, 600 га яқин нодавлат ташкилот ва тадбиркорларни жалб қилиш режалаштирилган. Хизматлар харажатлари давлат томонидан субсидия қилинади.
Шу билан бирга, 18 ёшдан катта оғир ақлий заифликка эга шахсларни парвариш қилаётганлар учун ойлик нафақа жорий этилади. "Инсон" ижтимоий хизматлар марказларининг ваколатлари кенгайтирилиб, улар васийлик ва ҳомийлик жараёнларида ҳам иштирок этади.
Ижтимоий инфратузилмани ислоҳ қилиш доирасида "Мурувват" интернат уйлари босқичма-босқич "Ғамхўрлик" марказларига айлантирилади. Уларда фуқароларни жамиятга мослаштириш, мустақил ҳаёт кўникмаларини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилади.
Қонунчиликда ҳам муҳим ўзгаришлар назарда тутилган. Ногиронлик бўйича камситиш учун жавобгарлик кучайтирилади, ижтимоий хизматлар ягона реестр орқали тақдим этилади. Шунингдек, болаларни ҳимоя қилишга қаратилган нормалар кучайтирилиб, уларга нисбатан зўравонлик ва ноқонуний контент билан боғлиқ жиноятлар учун жазо оғирлаштирилади.
Бундан ташқари, ногиронлиги бўлган шахслар учун жамоат транспортидан бепул фойдаланиш имкониятлари кенгайтирилиши, ногирон болаларга кундузги парвариш хизматларини ривожлантириш ва тадбиркорларга солиқ имтиёзлари бериш режалаштирилган.

Изоҳлар мавжуд емас