Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистонда вояга етмаганлар иштирокидаги порнографик материалларни сақлаш ва тарқатишга қарши жавобгарлик кучайтирилади. Янги тартибга кўра, бундай материалларни тарқатиш мақсадида сақлаш учун алоҳида маъмурий жавобгарлик жорий этилади.
Бундан олдин Ўзбекистонда аёллар ва болалар жинсий эркинлигига қарши жиноятларни тергов қилишни прокуратура органларига ўтказиш, шунингдек, бундай жиноятлар, айниқса вояга етмаганларга нисбатан содир этилган жиноятлар учун жазони кучайтириш таклиф қилинганди.
Эндиликда қонунчиликка киритилаётган ўзгартишларга мувофиқ, такрорий ҳолатларда эса жиноий жавобгарлик қўлланади. Шунингдек, бундай контентни олиб кириш, тайёрлаш, реклама қилиш ёки болаларни унда иштирок эттириш учун озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланмоқда.
Қайд этилишича, мазкур чора-тадбирлар Шавкат Мирзиёев томонидан маъқулланган бўлиб, болалар хавфсизлигини, айниқса рақамли муҳитда ҳимоя қилишга қаратилган.
Янги ўзгартишлар доирасида 16 ёшга тўлмаган шахсларга нисбатан интернет ва телекоммуникация тармоқлари орқали содир этилган номақбул ҳаракатлар учун жавобгарлик ҳам кучайтирилади. Шу билан бирга, жабрланувчи болаларни ҳимоя қилиш мақсадида қонуний вакил институти жорий этилиб, сўроқ жараёнларининг аниқ вақт меъёрлари белгиланади.

Изоҳлар мавжуд емас