Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистон Республикасининг Сиэтл шаҳридаги Бош консулхонаси дипломатлари АҚШнинг Green River коллежи раҳбарияти билан учрашиб, Ўзбекистонда ушбу таълим муассасасининг кампусини очиш ва "1+1+2" форматидаги таълим моделини жорий этиш масалаларини муҳокама қилди.
Таклиф этилаётган дастурга кўра, талабалар дастлабки бир йилни Ўзбекистонда ташкил этилиши режалаштирилаётган кампусда, кейинги бир йилни "Green River College"нинг АҚШдаги асосий кампусида, сўнгги икки йилни эса Америка университетида бакалавриатнинг 3–4-босқичларида ўқишлари мумкин бўлади.
Коллеж вакилларининг фикрича, қабул, ёш, тил ва академик талаблар бажарилган тақдирда, мазкур ёндашув 9-синф битирувчиларига тўрт йил ичида мактаб таълимини якунлаш ва бакалавр даражасини қўлга киритиш имконини беради.
Учрашувда ахборот технологиялари, дастурий таъминот ишлаб чиқиш, киберхавфсизлик, бухгалтерия ва авиация йўналишларида қўшма дастурларни жорий этиш, талабалар ҳамда ўқитувчилар алмашинувини йўлга қўйиш масалалари ҳам кўриб чиқилди. Green River College раҳбарияти Ўзбекистондаги манфаатдор таълим муассасалари билан бевосита мулоқот бошлашга тайёрлигини билдирди.
1945 йилда ташкил этилган Green River College турли таълим йўналишлари, жумладан, бошқа олий ўқув юртига ўтиш (transfer) дастурлари, касбий ва техник таълим, амалий бакалавриат даражалари ҳамда тайёрлов курсларини таклиф этади. Ҳозирда коллежда 15 мингга яқин талаба таҳсил олмоқда.

Изоҳлар мавжуд емас