Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Ўзгидромет яқин кунларнинг об-ҳаво башоратини тақдим қилган. Синоптикларнинг айтишича, ҳафтанинг иккинчи ярмида жазирама ниҳоят пасаяди. Бу ҳақда мухбиримиз хабар бермоқда.
“Ҳафтанинг биринчи ярмида ҳудудларнинг катта қисмида қуруқ ва жуда иссиқ об-ҳаво сақланиб туради. Кундузи ҳаво ҳарорати 40-43о атрофида, жанубда 45о гача бўлади”,-дея маълум қилмоқда Ўзгидромет.
Фақат Ўзбекистоннинг шимолий-ғарбий ҳудудларига Каспий денгизидан нисбатан салқин ва бироз нам ҳаво массаси тарқалади. Қорақалпоғистонда, Хоразм вилоятида 25-26 июль кунлари айрим жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғади, момақалдироқ бўлади. Ҳаво ҳарорати 32-37о гача пасаяди.
Ҳафтанинг иккинчи ярмида иссиқ об-ҳаво массаси Ўзбекистон ҳудудидан чекинади ва республика бўйича ҳарорат пасая бошлайди.
Ҳафта охирига келиб, нисбатан салқин ҳаво массаси республиканинг барча ҳудудларини қамраб олади ва кўпчилик вилоятларда ҳаво ҳарорати 33-36о гача пасаяди, фақат энг чекка жанубда 39-41о га етади.
25-27 июль кунлари шимолда, жанубда ва чўл ҳудудларда, 28-29 июлда республика бўйича баъзи жойларда шамол 17-22 м/с гача кучайиши, айрим жойларда чанг-тўзонлари билан кузатилиши мумкин.
25-28 июль кунлари Қирғизистон ҳудудидан Фарғона вилоятининг тоғ олди ва тоғли ҳудудлари бўйича: Сўх, Фарғона туманларида ва Сўх, Шоҳимардон, Исфайрамсой дарёларида музли сел-сув тошқин ҳодисалари юзага келиши мумкин.
Изоҳлар мавжуд емас