Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Al Jazeera, The Guardian, Eurasianet ва The Diplomat нашрлари учун мақола ёзувчи ва Ўзбекистон ТИВни ҳаракатга келтирган польшалик журналист аёл Агнешка Пикулицка Batafsil.uz мухбирининг саволларига жавоб беришга розилик билдирди.
У ўша “Рустам”, Ўзбекистон ТИВдаги вазият, ўзининг мамлакат ва унда содир бўлаётган ислоҳотлар ҳақида айтиб берди.
– Сизнинг ҳолатингиз Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги билан боғлиқ муаммоларга дуч келаётган кўплаб журналистларни қўрқмасликка ва бу ҳақда маҳаллий оммавий ахборот воситаларида очиқ ёзишга ундади. Ушбу идоранинг иши ҳақида умумий таассуротларингиз қандай? Нимани ўзгартириш керак, деб ўйлайсиз?
- У ерда ҳамма нарсани ўзгартириш керак деб ўйлайман. Кенг кўламли ва тизимли ўзгаришлар талаб қилинади. Албатта бунинг иложи йўқ. Менимча, ўтган кўп йиллар давомида бу тузилмада ҳеч нарса ўзгармаган. Каримов даврида бўлган ўша одамлар ўтиришибди. Энг муҳим шундаки, чет эллик журналистга аккредитация бериш унга қандайдир имтиёз бериш деб ўйлашади. Аммо бутун дунёда аккредитация ҳар қандай мамлакатдаги вазиятни ёритиш ҳуқуқи деб қабул қилинади.
Энг муҳими -улар бир нарсани тушунишмайди. Менга расмийлардан шарҳ беришга ёрдам беришса, бу билан менга эмас, ўзларига ёрдам қилишган бўлади ахир. Чунки улар ўз нуқтаи назарини намоён этиш имконига эга бўлишади. Агарда изоҳ бўлмаса, бу борада ҳам менга эмас, ўзларига ёмон қилишади холос…
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги доимий равишда журналистларга ижобий мақолалар ёзиш учун босим ўтказишга ҳаракат қилади. Бу эса чет эллик журналистлар назарида Ўзбекистон обрўйини ёмонлаштиради. Чунки бундай босим билан ҳеч нарсага эриша олмайдилар. Яхши Ғарб журналисти уларга керакли тарзда, яъни буюртма бўйича мақола ёзишига ишонмайман. Улар буни тушунсалар бўлгани.
Улар ўзларини жуда махфий тузилма сифатида тутишади. Биз билан мулоқот қилаётган ходимларнинг исмлари ҳам маълум эмас. Иш маданиятини ўзгартириш керак. Матбуот хизмати жуда ёмон ишламоқда. Аккредитациядан ўтганим ҳеч нарсани ўзгартирмайди. Уларнинг шунчаки иложиси қолмади. Олти ой давомида ҳар ҳафта қўнғироқ қилдим, ҳеч ким менга ҳеч қандай маълумот бергани йўқ...
– "Рустам" нинг ҳақиқий исмини, унинг лавозимини қандай билиб олдингиз? Унинг ишдан кетганлигини ким айтди? Эҳтимол, чалғитиш ва жамоатчиликни тинчлаштириш учун қилингандир?
– Йўқ, унинг исмини билганим йўқ. Тўғрисини айтсам, бу мавзуга бошқа қизиқмайман. У ишдан бўшатилгани яхши. Мен бу ҳақида эшитдим. Мазкур мавзуда бошқа текширув ўтказмайман. Лекин, у ДХХ билан ҳамкорлик қилган бўлиши мумкин. Унинг вазифаси seduce me [мени жинсий алоқага кўндириш-таржима] эди. Албатта, менда ҳеч қандай далил йўқ, лекин норасмий манбалардан бу ҳақиқатан ҳам шундай бўлгани ҳақида маълумот олдим.
–"Рустам" аввал Ташқи ишлар вазирлигидан Сизга бириктирилгани ҳақида ёзгансиз. Сиз янги аккредитацияни қўлга киритдингиз. Сизга янги "Рустам" бириктирилдими ёки фаолиятингизга эркинлик берилдими? Аккредитация беришда вазирлик томонидан бирон-бир шартлар илгари сурилдими?
- Йўқ, менга янги "Рустам"берилмади. Менда Ташқи ишлар вазирлигининг бир неча ходимларининг телефон рақами бор. Мен улар билан ишлайман. Умид қиламанки... Ҳеч қандай шарт қўйилгани йўқ...Ҳаммаси жуда тез кечди
– Идоралар томонидан Сизга босим ўтказишдан, айрим провокациялардан қўрқмайсизми?
- Албатта, провокациялар бўлиши мумкин. Бу ҳар доим ҳам эҳтимолдан холи эмас. Лекин менинг ҳикоям Ўзбекистонда жамият фикрига кўз юмиш мумкин эмаслигини [яна бир бор] кўрсатди, деб ўйлайман. Ижтимоий тармоқлар ҳам бундай ҳолатларга жуда тез жавоб бермоқда. Менда ҳар қандай муаммо бўлса, албатта, биринчи навбатда ижтимоий тармоқларда ёритаман. Менимча, бу журналист сифатида ўзимизни ҳимоя қилишим мумкин бўлган ягона нарсадир.
Айтинг-чи, бошқа мамлакатларда ҳам шунга ўхшаш ҳолатга дуч келганмисиз?
– Ўзим ишлаган бошқа мамлакатларда бундай ҳолатларга дуч келмаганман. Аксинча, ҳамма нарса муаммосиз, жуда осон кечади. Масалан, журналистларга кўп ёрдам берадиган Афғонистонда расмийлар билан суҳбат ўтказиш ва учрашиш учун муаммо йўқ. Аккредитация олиш учун бир кун керак бўлади холос.
Шунинг учун Ўзбекистонда менга аккредитацияни узайтириш учун икки ой олдин мурожаат қилишим керак деганларида... бу даҳшат. Албатта, вазият Ўзбекистонга ўхшаш давлатлар кўп. Аммо хизматлар ва давлат муассасалари тўғри ишлайдиган мамлакатларда аккредитациядан ўтиш учун бор-йўғи бир неча кун керак бўлади.
- Ўз мулоҳазаларингизда Ўзбекистонда бўлаётган воқеаларни турғунлик, тараққиёт етишмовчилиги сифатида баҳолагансиз. Масалан, Украинада демократия яхши ривожланиши ҳақида кўп ёзгансиз. Бу гаплар қанчалик рост? Ўзбекистоннинг замонавий тараққиёти ҳақида нима дея оласиз? Сўз эркинлиги ва ижтимоий тармоқларнинг мамлакат медиа соҳасидаги ўрни қандай?
- Украина ҳақида гапирганимни эслай олмайман. Лекин Ўзбекистон ҳақида гапирадиган бўлсак, менимча, дастлаб Мирзиёев ҳокимият тепасига келиши билан кўп ўзгаришлар бўлди. Айниқса, сўз эркинлиги ва оммавий ахборот воситалари борасида. Аммо ҳозир бу тараққиёт бироз тўхтаб қолган. Албатта, журналистларга босим қилиш давом этмоқда, кўтарилмаслиги керак бўлган мавзулар ҳалигача бор.
Лекин ижтимоий тармоқлар ва ўзбек журналистикасининг жуда тез ривожланишини кўриб турибман. Бу илгари мутлақо йўқ эди. Ижтимоий тармоқлар ва ўзбек блогерлари мамлакатдаги вазиятга сезиларли таъсир кўрсатаётганига гувоҳ бўляпмиз. Бу борадаги вазият 2-3 йил аввалгидан анча яхшироқ. Менимча, ўтган 4 йил давомида -бу Ўзбекистонда юз берган энг катта ўзгариш бўлса керак. Одамлар энди муаммолар ҳақида гапиришдан, ҳукуматни танқид қилишдан қўрқмайди. Бу эса тўхтатиб бўлмайдиган жараён. Мен шундай деб ўйлайман.
Бўлажак президент сайловларида ишлашни режалаштиряпсизми?
- Ҳа албатта, президент сайловида аниқ ишлайман.
– Умуман аёл журналист бўлиш қийинми ?
- Бу қийин савол, чунки мен ҳеч қачон эркак журналист бўлмаганман. Ижобий ва салбий томонлари ҳам бор. Масалан, аёл журналист сифатида одамлар менга эркак ҳамкасбларимдан кўра кўпроқ ёрдам беришади. Одамлар мен билан эркакларга қараганда очиқроқ суҳбат қуришади. Бу яхши нарса. Лекин тегажоқлик билан боғлиқ муаммо йўқ эмас.
Кўпинча мени жиддий журналист деб ҳисобламаслик билан боғлиқ муаммо бор. Чунки мен аёлман. Турли гендерли масалалар баъзан пайдо бўлади. Лекин умуман олганда, аёл бўлганим боис, кўпинча ҳеч қандай муаммога дуч келмайман . "Рустам" билан боғлиқ вазият – бу special situation (алоҳида ҳолат- таржима).
- Сизга мамлакатимизда нима ёқади (давлат ва журналистикадан ташқари)?
"Кўп нарса... менга бу ерда кўп нарсалар ёқади, чунки шу ерда яшаяпман. Мен бу ерда учратган ўзбекларни жуда яхши кўраман. Улар анча одобли, масалан Ғарбий Европададан фарқли рақишда ёрдамни аяшмайди. Менимча, Ўзбекистон мен яшаган шундай ягона жойки, фақат шу ерда дўстларимдан мушугимга қараб туришни сўрашим мумкин. Амиманки, улар йўқ дейишмайди. Бу ернинг об-ҳавоси ҳам маъқул.
Ўзбекистон гўзал мамлакат, бу ер менга жуда ёқади, ҳеч қаерга кетмоқчи эмасман.
Изоҳлар мавжуд емас