Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz ЯА. Ахборот технологиялари ва комуникацияларни ривожлантириш вазирлиги қишлоқ жойларида интернет тезлигининг пасайиши сабабларини тушунтириб берди. Фойдаланувчилар, айниқса талабалар сони ошганлиги тармоққа юкламанинг кескин ортишига олиб келмоқда. Бу ҳақида мухбиримиз маълум қилмоқда.
Карантин даврида кўплаб мобил интернет фойдаланувчилари алоқа хизматларнинг ёмонлашуви билан дуч келмоқда. Бу борадаги шикоятлар Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлигига келиб тушган мурожаатлар орасида етакчилик қилмоқда.
Вазирлик матбуот-хизмати берган маълумотга кўра, бугун Ўзбекистонда интернетдан 24 миллион киши фойдаланадиган бўлса, шундан 19 миллион киши мобил интернет фойдаланувчиси ҳисобланади. Симли алоқа тармоқларига 3 миллион киши уланган.
Мобил алоқа тармоқларини ривожлантириш мақсадида 6 000 дан ортиқ мобил алоқа база станцияси ўрнатилиб, уларнинг умумий сони 26 мингтадан ортган. Республика аҳоли масканларини мобил алоқа билан қамрови даражаси 97 фоизга ва мобил интернет тармоғига кенг полосали уланиш қамрови даражаси 70 фоизга етказилган.
Қишлоқ ҳудудларида мобил алоқа база станцияларнинг техник имкониятларидан тўлиқ фойдаланиш мақсадида электромагнит нурланиш нормалари қайта кўриб чиқилиб, база станциялар қувватлари оширилган.
Карантин даврида мобил алоқа операторлари томонидан 302 тадан ортиқ база станциялар интернет хизматларини кўрсатиш учун модернизация қилинган.
Карантин даврида узоқ ҳудудлар ва қишлоқ аҳолиси, айниқса талабалар интернетдан фаол фойдаланиши тармоққа юкламанинг кескин ортишига олиб келмоқда. Натижада, айрим жойларда мобил интернет тезлигининг пасайиши кузатилмоқда.
Ҳозирги пайтда ушбу тармоқлардаги юкламалар доимий назоратга олиниб, тармоқнинг барқарор ишлашини таъминлаш учун зарур техник ва ташкилий чоралар кўрилмоқда.
Шу йилнинг ўзида вазирлик оптик толали алоқа линиялари қуриш орқали жами соғлиқни сақлаш муассасаларининг 95 фоизини, умумтаълим мактабларнинг 86 фоизи ҳамда барча мактабгача таълим муассасаларини юқори тезликдаги интернет тармоғига улашни режалаштирмоқда.
Яқин 2 йилда жами 12 мингта ижтимоий соҳа объектлари, хусусан соғлиқни сақлаш, мактабгача таълим муассалари ва умумтаълим мактабларининг юқори тезликдаги интернетга уланиши таминланади.
Изоҳлар мавжуд емас