Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжоновнинг айтишича, амалдорлар ўзларига номақбул контентни олиб ташлашни талаб қилиб, ОАВга босим ўтказишни давом этишмоқда. Бу ҳақида Batafsil.uz. мухбири хабар бермоқда.
“Баъзида давлат идораси ходимлари хусусий тадбиркорлар, яьни оммавий ахборот воситаси фаолияти билан шуғулланувчи масъулияти чекланган жамиятга қўнғироқ қилиб, улар қонун доирасида яратаётган маҳсулотларини (мақолани) ўчириб ташлашни талаб қилишади. Агарда хусусий тадбиркор бўлмиш сайт буни бажармаса уни чақиришади, қўрқитишади. Аслида бу ноқонуний ҳаракат, мансаб ваколатини суиистеьмол қилиш ҳисобланади. Соддароқ айтганда, тадбиркорнинг фаолиятига асоссиз аралашишдир”, -деб ёзмоқда у ўзининг Телеграм-каналида.
Унинг айтишича, бу худдики супермаркет эгасига қўнғироқ қилиб, шу маҳсулотни савдо пештахтасидан олиб ташла дегандек талаб. Ёки шоколад заводига телефон қилиб, эртадан бошлаб мармеладли шоколадни бошқа ишлаб чиқарманглар дейиш билан тенг.
“Номи матбуот бўлгани, унинг устига миниб олса ҳам бўлади дегани эмас. Матбуот маъсулияти чекланган жамияти фақат қонун олдида жавобгар бўлиши керак. Шахслар олдида эмас. Ва матбуот масъулияти чекланган жамияти, бошқа жамиятлар билан тенг равишда эркин бўлиб, маҳсулот ишлаб чиқаришлари давомида, қонунчиликда, конституцияда давлат идораларининг топшириқларини бажариши кераклиги борасида ҳеч қандай мажбурият йўқ”, - дея таъкидламоқда у.
Ўзбекистон бўйлаб янгиликлар: Telegram-каналга уланинг
Изоҳлар мавжуд емас