Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистонда 2026 йилнинг январь–сентябрь ойларида 61 ёш ва ундан катта 1 031 нафар эркак расман никоҳдан ўтди. Уларнинг 218 нафари 70 ёш ва ундан катталардир. Умуман, йилнинг дастлабки тўққиз ойида мамлакатда ФҲДЁ органлари томонидан 172 мингта никоҳ қайд этилган.
Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, никоҳдан ўтган эркакларнинг асосий қисми 20–30 ёшдагилар ҳиссасига тўғри келади. Ушбу ёш гуруҳида 141 620 нафар эркак оила қурган. Бу жами никоҳларнинг қарийб 82 фоизини ташкил этади.
Ёш тоифалари бўйича кейинги ўринларда 31–40 ёшдагилар қайд этилган — 19 005 нафар. Шунингдек, 41–50 ёшда 4 967 нафар, 51–60 ёшда 2 310 нафар эркак никоҳдан ўтган. 61–69 ёшлилар сони 813 нафарни, 70 ёш ва ундан катталар эса 218 нафарни ташкил этган. 20 ёшгача бўлган 3 093 нафар эркак ҳам расман оила қурган.
Batafsil.uz сайти аввалроқ эълон қилган маълумотларда эса катта ёшда турмуш қурган аёллар статистикаси келтирилганди. Унга кўра, 2026 йилнинг январь–июнь ойларида 50 ёш ва ундан катта 694 нафар аёлнинг никоҳи қайд этилган. Биринчи ярим йилликда жами 92,3 мингта никоҳ расмийлаштирилган.
Шу билан бирга, никоҳлар умумий сонида камайиш кузатилмоқда. Миллий статистика қўмитасининг маълумотларига кўра, 2026 йилнинг январь–сентябрь ойларида қайд этилган никоҳлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 5 мингтага камайган. Айни вақтда ажримлар сони 36,8 мингтани ташкил этиб, бир йилда 1,4 мингтага ошган.

Изоҳлар мавжуд емас