Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистон давлат герби, орден ва медаллардаги ёзувлар янги алифбо қоидаларига мослаштирилиши мумкин. Адлия вазирлиги 21 ноябрь куни лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этишга қаратилган қарор лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига қўйди.
Лойиҳага мувофиқ, давлат герби, орденлар, медаллар ва бошқа давлат мукофотларининг расмий тавсифларига ўзгартириш киритиш назарда тутилган. Бунда амалдаги "gʻ", "oʻ", "sh" ва "ch" ҳарф бирикмалари янги график шакллар — "ğ", "ö", "ş" ва "ç" билан алмаштирилади.
Хусусан, давлат герби тасвиридаги мамлакат номи "O‘zbekiston" эмас, "Özbekiston" шаклида ёзилиши таклиф этилмоқда.
Ҳужжатда янги давлат рамзлари ва мукофотлар тасвирини 2027 йил апрелига қадар тайёрлаш, уларни Ҳукумат билан келишиш жараёнини эса июнь ойига қадар якунлаш белгиланган. Бу ишларга Фанлар академияси, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда бошқа тегишли идоралар масъул этиб белгиланган.
Шу билан бирга, қарор лойиҳасида давлат идоралари биноларига ўрнатилган гербларни бир вақтнинг ўзида алмаштириш ёки аввал топширилган давлат мукофотларини қайтариб олиш назарда тутилмаган. Ҳозирча гап давлат рамзлари ва мукофотларининг расмий тавсифларини тасдиқловчи қонунчилик ҳужжатларига ўзгартириш киритиш ҳақида бормоқда. Герблар, муҳрлар ва бланкларни амалда янгилаш муддатлари ҳамда тартиби кейинчалик алоҳида ҳужжатлар билан белгиланади.
Қайд этиш жоизки, мустақил Ўзбекистон гербидаги мамлакат номи ёзуви бу сафар иккинчи марта ўзгариши мумкин. 2010 йил 24 декабрда "Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тўғрисида"ги қонунга киритилган ўзгартириш билан гербдаги "Ўзбекистон" ёзуви "Oʻzbekiston" шаклига алмаштирилган эди. Ўша вақтда давлат мукофотлари ва фарқлаш белгиларининг тавсифларига ҳам шунга мос тузатишлар киритилган.
Аввалроқ Ўзбекистонда янгиланган лотин алифбосига ўтиш бўйича ҳукумат қарори лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилганди. Унда паспортлар, ҳайдовчилик гувоҳномалари, мактаб дарсликлари, давлат ҳужжатлари ва жамоат жойларидаги ёзувларни босқичма-босқич янги алифбога ўтказиш тартиби белгиланган эди.

Изоҳлар мавжуд емас