Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Қирғизистоннинг Манас шаҳрида қурилаётган икки қаватли бинода содир бўлган ёнғин оқибатида Ўзбекистоннинг икки нафар фуқароси ҳалок бўлди. Яна бир ўзбекистонлик оғир аҳволда шифохонага ётқизилиб, реанимация бўлимида қолмоқда.
"Кабар" ахборот агентлиги маълумотларига кўра, ёнғин 2026 йил 22 ноябрь куни кечқурун Жалолобод вилоятидаги Манас шаҳри таркибига кирувчи Ынтимоқ қишлоғида юз берган.
Қурилиш объектидаги ёнғин тахминан соат 20:38 да бошланган. Уни бартараф этиш учун учта ўт ўчириш гуруҳи жалб қилинган. Олов соат 21:45 да чекланган, соат 22:56 да эса тўлиқ ўчирилган.
Қирғизистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумотларига кўра, ҳодиса оқибатида уч нафар эркак жабрланган. Улардан икки нафари ёнғин жойидан олиб чиқилиб, тез тиббий ёрдам ходимларига топширилган. Бироқ улардан бири шифохонада вафот этган, иккинчиси реанимацияга жойлаштирилган.
Учинчи эркакнинг жасади қутқарувчилар томонидан бино ичидан топилган. Дастлабки маълумотларга кўра, у тутундан заҳарланиш оқибатида ҳалок бўлган.
Sputnik хабарида ҳалок бўлган икки шахс ис газидан заҳарлангани билдирилган. Ҳалок бўлганлар ҳам, омон қолган жабрланувчи ҳам Ўзбекистон фуқаролари бўлиб, қурилиш объектида ишлаган.
Айни пайтда ёнғиннинг келиб чиқиш сабаблари ва етказилган моддий зарар миқдори аниқланмоқда.

Изоҳлар мавжуд емас