Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. “Қуйлиқ” бозорининг янги жойга кўчиши ижтимоий тармоқларда кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлди. Кўпчилик бу қарорнинг сабабларини тушунмади, нима учун янги бозор яна қандайдир "city" деб аталишига ҳайрон қолмоқда. Тадбиркорларни ижара ҳақи, харидорларни у ерга қандай бориш мумкинлиги ва янги савдо майдончасининг афзалликлари нимадан иборат эканлиги қизиқтирди.
Биз Foodcity озиқ-овқат тарқатиш маркази маркетинг бўлими бошлиғи Асқат Сарсенов билан суҳбатлашдик. У нега “Қуйлиқ”бозорида маҳсулотлар арзон бўлиши, сотувчилар харидорларга сифатли маҳсулот таклиф қилишини рағбатлантириш учун маъмурият қандай режалар тузаётгани ҳамда барча хохловчилар учун жой етиши ҳақида сўзлаб берди.
Яна “city”ми?
Бозорнинг Foodcity деб номланиши тасодифан эмас. Импорт ва экспорт учун улгуржи савдо соҳасида ишлайдиганларнинг аксарият қисми ушбу брендни билади. Интилиш бўлса, демак талаб ҳам бўлади. Шу билан бирга, савдо мажмуамизнинг тўлиқ номланиши - "Янги Қуйлиқ деҳкон бозори - Foodcity"дир.
Арава ўтмишда қолаяптими?
"Арава" ва "аравакаш" тушунчалари йўқолади, янги "Қуйлиқ" бозорида сават ва аравачалар бепул бўлади, уларни олиб, фойдалаверинг. Юкланган сават ёки аравачани автомобил ёки автобус бекатига олиб бориш учун махсус ишчилар ҳам жалб қилинади ва бу хизмат мутлақо бепул бўлади.
Сават ва аравачаларимиз уч турга бўлинади – истеъмол, юк, шунингдек имконияти чекланган кишилар учун.
Сотувчиларга ижара ҳаққини белгилаш масаласи қандай?
Бутун бозор хусусий мажмуадир. Ижарачиларда савдо бўлмаса, Foodcity ҳам фойда кўрмайди. Агар Тошкентнинг барча бозорларидаги расталар ижара нархларини таққослайдиган бўлсак, бизники энг арзон ҳисобланади. Сотувчилар даромад топиш имконига эга бўлиши учун барча шарт-шароитларни яратмоқдамиз, ҳатто дастлабки босқичда зарарга ишлашга ҳам тайёрмиз.
Foodcity бозори учун учта асосий мақсадга эришиш муҳимдир. Бунга энг арзон нархлар, кенг ассортимент ва биринчи қўлдан олинган янги маҳсулотлар киради. Янги бозорда ижара ҳақи миқдори 80% чегирма билан белгиланганини ҳисобга олсак, маҳсулот нархи ҳам арзонроқ бўлиши керак.
Биз мижозларга танлаш имконияти яратиш учун расталарни эски бозордагидан каттароқ қилдик. Совутгич камералари сотувчиларга ўз маҳсулотларини бузилишдан ҳимоя қилиш, уларни асл сифати билан сақлашга ёрдам беради.
Foodcity чакана савдо бўлимидаги боксларнинг ижара нархи майдоннинг квадратурасига қараб ойига 2,5 млн. сўмдан 3 млн. сўмгачани ташкил қилади. Айни пайтда ижарачиларга бу нархнинг 80% миқдорида чегирма берамиз.
Бундан ташқари, ижара нархи маҳсулот қайси тоифага мансублигига боғлиқ – бу барча бозорлар учун меъёрдир. Кўкатлар, тухум, помидор каби маҳсулотлар турли нархларда сотилади, демак ижара ҳаққи ҳам турлича бўлади.
Омборлар учун ижара алоҳида, аммо маҳсулотни савдо майдончасидан кўра омборда сақлаш арзонроққа тушади.
Ижарачи ва сотувчиларга қандай рағбатлар кўзда тутилган?
Марказ маъмурияти кенг ассортиментда маҳсулот тақдим этадиган ва истеъмолчилар учун энг мақбул нархлар ҳамда сифатли маҳсулотлар таклиф этадиган ижарачиларни рағбатлантириш бўйича қатор дастурларни ишлаб чиққан. Бундайларни мукофотлаш ва хусусан, уларни ижара ҳақини тўлашдан озод қилиш режалаштирилган.
Шунингдек, ҳар бир павильонда бозордаги тавсия этилган нархларни ўзида акс этган мониторлар ўрнатилади. Бу сотувчилар ўртасида соғлом рақобатни вужудга келтиради.
Транспорт қулайлиги бўларканми?
Бозорга етиб олиш учун учун бепул йўналиш автобуслари ишга туширилади.
“Қуйлиқ” бозорининг эски жойига (якуний бекат) қатнаган барча автобуслар энди бу ергача келади, қолаверса, яқин ҳудудлардан 15-20та янги йўналишлар қўшилади.
Енгил автомобиллар учун тураргоҳ 3 мингта автомобилга мўлжалланган.
Барча хохловчилар учун жой етарли бўладими?
Чакана савдодаги расталар тўлиқ “Қуйлиқ” бозори ходимларига берилади, аммо янги ижарачилар ҳам бор. Раста жойларига талаб юқори, буни ҳисобга олиб, “Қуйлиқ” бозоридан 30%га кўпроқ қаторлар тайёрладик. Мажмуанинг умумий майдони 60 гектарни ташкил этишини инобатга олсак, бу эски бозорга нисбатан 3-4 баробар кўпдир.
Ижара қандай тўланади?
Foodcity ҳудудида тижорат банкининг филиали жойлашган бўлиб, у барча вилоятлардан келган сотувчиларга хизмат қилиши мумкин. Зарурий жойларда банкоматлар ўрнатилган.
Марказ логистикаси қандай тузилган?
Мажмуанинг барча улгуржи қисми чапда, чакана савдо қисми эса ўнгда жойлашган бўлади.
Улгуржи қисмида божхона брокерлари учун бизнес-марказ мавжуд бўлиб, бу ерда товарларни экспорт ва импорт қилиш масалалари ҳал этилади. Унинг ёнида 250 кишилик 99 хонали меҳмонхона қурилган.
Чакана савдо бозори 2500 та савдо майдончасидан иборат бўлиб, унга расталар, музлатгичлар ва дўконлар киради. Қуруқ омбор 6 минг кв.метрга мўлжалланган, у ерда музлатгич ва совутувчи омборлар бор.
Улгуржичилар учун соябон остида махсус савдо майдончалари мавжуд бўлиб, улар мавсумий маҳсулотлар - анор, хурмо ва бошқаларни сотишлари мумкин. 400 та юк машинасига мўлжалланган автотураргоҳ мавжуд.
Очилиш қачон бўлади?
Очилишнинг аниқ санаси маълум эмас.
Айни пайтда қандай муаммолар бор?
Эски бозордаги кўплаб сотувчилар юридик шахсни рўйхатдан ўтказмасдан ишлаганлар. Улар МЧЖ ёки ЯТТ нима эканлигини билишмайди. Улар учун ҳар қандай ўзгаришлар муаммодир. Уларга ёрдам беришга ва юзага келадиган қийинчиликларни ҳал қилишга ҳаракат қиламиз.
Изоҳлар мавжуд емас