Загрузка
Загрузка
Ўзбекистонда камбағаллик даражаси 4,5 фоизгача камайди? Олий Мажлисда бандлик ва камбағаллик кўрсаткичлари кескин баҳсларга сабаб бўлди
Жамият

Ўзбекистонда камбағаллик даражаси 4,5 фоизгача камайди? Олий Мажлисда бандлик ва камбағаллик кўрсаткичлари кескин баҳсларга сабаб бўлди

7
Загрузка

Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz.  Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида Бош вазир ўринбосари — Иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров ҳукуматнинг 2026 йилнинг биринчи ярим йиллиги бўйича ҳисоботини тақдим этди. Бироқ тақдим этилган баландпарвоз кўрсаткичлар ва расмий маълумотлар парламентда қизғин муҳокама ҳамда кескин танқидларга сабаб бўлди.

Жамшид Қўчқоров ўз чиқишида мамлакатда иқтисодий ўсиш суръатлари юқори эканини таъкидлаб, ялпи ички маҳсулот 8,5 фоизга, хизматлар соҳаси 16,9 фоизга, қурилиш 13,8 фоизга ва саноат 8 фоизга ошганини маълум қилган. Ҳисоботга кўра, мамлакатда камбағаллик даражаси 5 фоиздан 4,5 фоизгача пасайган. 

Ҳудудларда 104 мингта микролойиҳа ишга туширилиб, 246 минг аҳолининг бандлиги таъминланган, 460 мингдан ортиқ ишсиз фуқаро доимий ишга жойлаштирилган ва 2 750 та маҳалла ишсизлик ҳамда камбағалликдан холи ҳудудга айлантирилган. Шунингдек, давлат бюджети даромадлари 207 триллион сўмни, харажатлар эса 205,5 триллион сўмни ташкил этган бўлса, хорижий инвестициялар ҳажми 28,1 миллиард долларга, олтинсиз экспорт эса 14,4 миллиард долларга етган.

Аммо ушбу ҳисобот юзасидан муҳокамаларни кузатган иқтисодчи Отабек Бакиров расмий кўрсаткичларнинг нақадар ҳаққонийлиги ва норасмий бандликни оқартириш жараёнларининг реал аҳволи бўйича кескин эътирозларини билдирган. У, шунингдек, депутатлар ҳам бунга эътироз билдирганини айтиб ўтган. Таъкидланишича, бандлик статистикасидаги сохтакорлик ва кўзбўямачиликлар меҳнат бозори ҳақида нотўғри картина яратмоқда, бу эса давлат, халқ, инвесторлар ва халқаро институтларни чалғитишга олиб келади. 

Меҳнат бозори иштирокчилари шаффоф ахборотга эга эмаслиги танқид қилиниб, ҳоким ёрдамчилари ва маҳалла банкирларига ажратилаётган юзлаб миллиард сўмлик маблағлар совурилаётгани ҳамда фуқароларнинг шахсий маълумотларини ёппасига ўғирлаш орқали сохта кўрсаткичлар яратилаётганига эътироз билдирилган.

Иқтисодчи, шунингдек, бугундан бошлаб бажариб бўлмайдиган режалар тузиш, сохта маълумотлар ясаш ва ёлғон ҳисобот беришни тўхтатиш зарурлигини таъкидлаган. Шу билан бирга, ушбу муҳим мажлис кенг жамоатчилик учун қулай бўлган платформаларда (масалан, YouTube’да) жонли эфирга узатилмай, парламентнинг чекловларга эга сайтига жойлаштирилгани ҳам танқидга учраган. 

Бакиров ўз телеграмм каналида қўйидаги фикрларни ҳам қолдирган:

"Камбағаллик даражаси ҳам, ишсизлик даражаси ҳам 4,5 фоизгача туширилган.

Парламентдаги чиқишда эълон қилинган маълумотларга кўра, камбағаллик даражаси 4,5 фоизга тушгани айтилган (2025 йил ярим йилликда 6,8 фоиз, 2025 йил охирида 5,8 фоиз дейилган).

Ишсизлик даражаси ҳам 4,5 фоизгача пасайган (2025 йил ярим йилликда 5,1 фоиз, йил бошида 4,8 фоиз).

Ярим йилда 506 минг нафар аҳоли доимий ишга жойлаштирилган ( ўтган йили шу даврда 3 милиондан ортиқ). Яна айтилишича,2 миллион 616 минг нафар аҳолининг даромади оширилган. 546 минг нафар норасмий банд фуқаронинг фаолияти оқартирилган.

Йил охиригача камбағаллик даражасини 2,8 фоизгача, ишсизлик даражасини 4,5 фоизгача тушириш мақсадли кўрсаткич ўлароқ дастурга кирган. 

Рақамлардан кўринадики, "ишсизликни пасайтириш режаси" ярим йилдаёқ бажарилган."

Бундан хулоса қилиш мумкинки, кўтарилган масалалар расмий рақамлар ва реал меҳнат бозори ўртасидаги тафовутни аниқлаш ҳали-ҳануз долзарб бўлиб қолмоқда.

Загрузка
Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...