Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. 25 август куни соат 14:42 да Андижон шаҳрининг Бобуршоҳ кўчасида жойлашган умумий овқатланиш шохобчасида ёнғин чиқди. Гувоҳларнинг хабарига кўра, аланга тез орада бинонинг юқори қисмига тарқалиб, атрофни ўткир тутун қоплаган.
Маълумотларга кўра, хабардан сўнг ёнғин-қутқарув ходимлари соат 14:48 да воқеа жойига етиб бориб, оловни соат 14:58 да тўлиқ ўчиришга муваффақ бўлишган. Қутқарувчиларнинг тезкор ҳаракати эвазига бинонинг 500 квадрат метр майдони сақлаб қолинган, бироқ олов оқибатида шохобчанинг шифт ва том қисми ёниб зарарланган.
Ҳодиса оқибатида жабрланганлар ва тан жароҳати олганлар йўқ. Ҳозирда ёнғиннинг келиб чиқиш сабаблари ва етказилган моддий зарар миқдори аниқланмоқда. Мутасаддилар аҳолини ёнғин хавфсизлиги қоидаларига қатъий риоя қилишга чақирмоқда.
Олдинроқ Тошкент вилоятида ҳам кўп қаватли уйнинг том қисми ёниб кетганди.

Изоҳлар мавжуд емас