Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Орол денгизининг қуриган тубида ер ости сувларини қидириш ва қазиб олиш учун артезиан қудуқлари қазила бошланди. Ишлар май ойида собиқ денгиз тубининг ғарбий қисмида бошланган. Ҳозиргача мутахассислар чуқурлиги 500 метрдан 700 метргача бўлган учта қудуқни бурғулаш ишларини якунладилар.
Ишлар "Ўзбекгидрогеология" давлат корхонасининг Оролбўйи гидрогеология дала экспедицияси томонидан минерал-хомашё базасини ривожлантириш ва тўлдириш давлат дастури доирасида амалга оширилмоқда. Мутахассислар иккита бурғилаш ускунасидан фойдаланмоқда.
Ҳозиргача учта қудуқни бурғилаш ишлари якунланди. Улардан иккитаси 500 метр, яна бири 700 метр чуқурликка эга. Ҳозир мутахассислар лойиҳа чуқурлиги 500 метр бўлган тўртинчи қудуқни бурғилашмоқда, унинг ҳозирги чуқурлиги 250 метрни ташкил этади.
Қудуқларда ер ости сувларининг ўз-ўзидан оқиб чиқиши кузатилмоқда. Дебити секундига 8–10 литр, ҳар бир қудуқ суткасига 700–800 тоннагача сув беради. Сув Орол денгизининг мавжуд сув ҳавзасига келиб тушади. Бу унинг атрофидаги сув минерализациясини пасайтириши ва экологик вазиятни яхшилаши кутилмоқда.
Шу билан бирга, ер ости сувлари Орол денгизини аввалги кўламга қайтара олмайди. Бироқ, лойиҳа Оролбўйи экотизимини қўллаб-қувватлаш ва денгизнинг қуриган тубида ҳаётни сақлаб қолишнинг қўшимча усулларидан бири сифатида кўрилмоқда.
Бир вақтнинг ўзида собиқ денгиз тубидаги ўсимликларни тиклаш ишлари давом этмоқда. Миллионлаб гектар майдонларга чўл иқлимига чидамли ўсимликлар, жумладан, саксовул, черкез, қандин каби ўсимликлар экилмоқда. Натижада экологик вазиятни барқарорлаштиришга ёрдам бериши керак бўлган яшил белбоғ шаклланади.
Кейинги босқичда Кўкарал тўғонини реконструкция қилиш режалаштирилган. Бу Шимолий Орол денгизидаги сув ҳажмини 34 миллиард куб метрга етказиш имконини беради.
Аввалроқ Орол денгизининг Қозоғистон қисмида сув ҳавзасининг босқичма-босқич тўлдирилиши давом этаётгани хабар қилинганди. Қозоғистон Сув ресурслари ва ирригация вазирлиги сўнгги ўн ой ичида Сирдарё ўзани бўйлаб катта оқимлар кириб келган Шимолий Оролда умумий сув ҳажми сезиларли даражада ошганини маълум қилди.

Изоҳлар мавжуд емас