Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Тошкент вилоятидаги 21-сонли жазони ижро этиш муассасасида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман), ИИВ, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда "Адолат" партияси ҳамкорлигида йирик тиббий-ижтимоий тадбир ташкил этилди. "Инсон қадри – олий неъмат" тамойили асосида ўтказилган кўрикларда жами 915 нафар маҳкума аёл ва уларнинг 3 ёшгача бўлган фарзандлари малакали шифокорлар томонидан кўрикдан ўтказилган.
Тадбирга акушер-гинеколог, онкомаммолог, кардиолог ва эндокринолог каби 10 га яқин тор доирадаги мутахассислар жалб этилиб, рентген, УТТ ва ЭКГ каби диагностика ишлари махсус жиҳозланган тиббий автобусларда амалга оширилган. Кўрик натижасида саломатлигида нуқсони бор аёлларга зарур тиббий тавсиялар берилиб, муҳтожларга амбулатор ва стационар даволаниш учун йўлланмалар расмийлаштирилган.

Шунингдек, муассасадаги болалар уйи тарбияланувчилари ҳам педиатр ва болалар невропатологи кўригидан ўтган.

Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, сўнгги йилларда соҳада муҳим янгиликлар жорий этилган. Маҳкумларга сайловларда қатнашиш, масофавий видео-учрашувлар қилиш ҳуқуқи берилган ва китоб ўқиган маҳкумларнинг жазо муддатини қисқартириш механизми йўлга қўйилган.
Омбудсман вакиллари колониядаги яшаш шароитлари ва кутубхона фаолиятини ҳам кўздан кечириб, маҳкумаларнинг шахсий мурожаатларини назоратга олганлар.
Олдинроқ Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Жиззах вилоятида алимент қарздорларининг шахсий маълумотлари ва фотосуратлари жамоат жойларида ошкор қилинишини қонунга хилоф деб баҳолаганди. Ушбу амалиёт Ўзбекистон Конституцияси ва халқаро ҳуқуқий меъёрларга зид экани таъкидланганини хабар қилган эдик.

Изоҳлар мавжуд емас