Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Вазирлар Маҳкамасининг 20 августдаги қарори билан касбий таълим ташкилотлари директорлари ва ўринбосарларини менежерлик ўқув курсларида ўқитиш ҳамда уларга сертификат бериш тартиби тасдиқланди. 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб касбий таълим муассасалари раҳбарлигига номзодларни тайинлашда ушбу сертификатнинг мавжудлиги мажбурий талабга айланади.
Расмий қарорга кўра, менежерлик ўқув курслари 144 соатлик дастурдан иборат бўлиб, у анъанавий, масофавий ва мустақил таълим шаклларида ташкил этилади. Номзодлар махсус портал орқали йил давомида онлайн рўйхатдан ўтишлари мумкин. Курс якунида 50 та тест ва амалий топшириқлардан иборат синов ўтказилади. Синовда камида 70 балл тўплаган битирувчиларга 5 йил муддатга амал қилувчи электрон менежерлик сертификати берилади.
Қарорда айрим истиснолар ва молиялаштириш тартиби ҳам белгиланган. Хусусан, охирги уч йилда юқори кўрсаткичларга эришган раҳбарлар курсда ўқимасдан тўғридан-тўғри якуний синовни топшириш ҳуқуқига эга бўлади. Шунингдек, ўқув курслари харажатлари 2026 йилда республика бюджетидан қопланади, 2027 йилдан бошлаб эса шартнома асосида амалга оширилади.
Ушбу янги тизим раҳбарларнинг бошқарув ва педагогик кўникмаларини мунтазам ошириб боришни мақсад қилган.

Изоҳлар мавжуд емас