Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. "Ўзбекнефтгаз" жамияти ўз улуши мавжуд қўшма корхоналарда назоратни кучайтирмоқда. Жамият раҳбарияти Natural Gas-Stream, New Silk Road Oil and Gas ва ANDIJANPETRO қўшма корхоналари фаолиятидаги тизимли муаммоларни танқидий-таҳлилий муҳокама қилди.
Дастлабки таҳлиллар айрим корхоналарда бошқарув, ҳисобдорлик ва молиявий интизом билан боғлиқ камчиликлар мавжудлигини кўрсатган. Хусусан, бухгалтерия ҳисоби ва молиявий ҳисоботларда шаффофлик етарли даражада таъминланмагани, "Ўзбекнефтгаз" олдидаги ҳисобдорлик механизмлари тўлиқ ишламаётгани қайд этилган.
Бунинг оқибатида қазиб чиқариш ҳажмларининг пасайиши, инвестиция маблағларидан фойдаланиш самарадорлиги, молиявий барқарорлик ва дивиденд мажбуриятларининг бажарилиши бўйича муаммолар юзага келган.
Шундан келиб чиқиб, "Ўзбекнефтгаз" бундан буён ўз улуши мавжуд ҳар бир қўшма корхона фаолияти устидан таъсирчан назорат ўрнатилишини белгилаган. Корхоналарнинг ишлаб чиқариш ва молиявий кўрсаткичлари шаффоф назорат қилинади, таъсисчининг ҳуқуқ ва манфаатлари тўлиқ таъминланади.
Шунингдек, қазиб чиқариш қувватлари, геология-қидирув ишлари ва геологик-техник тадбирлар самарадорлиги қайта таҳлил қилинади. "Ўзбекнефтгаз"дан мавжуд қарздорликлар хатловдан ўтказилиб, молиявий оқимлар ва харидларни назорат қилиш тизимини рақамлаштириш чоралари кўрилади.
Қўшма корхоналардаги ҳар бир инвестицион лойиҳа ва муҳим иш жараёни "Ўзбекнефтгаз" билан келишилган ҳолда амалга оширилади. Бунда лойиҳаларнинг зарурияти, иқтисодий самарадорлиги ва қиймати олдиндан таҳлил қилиниши белгиланган.
Бундан ташқари, 2025–2026 йиллар учун дивидендларни тўлиқ ва ўз вақтида тўлаш, мавжуд қарздорликларни бартараф этиш ҳамда келгуси мажбуриятлар бажарилишини тизимли назорат қилиш вазифаси қўйилган.
Жамиятнинг таъкидлашича, асосий мақсад қўшма корхоналарни самарали бошқариладиган, молиявий барқарор ва ишлаб чиқариш кўрсаткичлари ҳамда соф фойдаси ўсиб борадиган корхоналарга айлантиришдан иборат.
Бундан олдин Президент Шавкат Мирзиёевга "Ўзбекнефтгаз" акциядорлик жамиятининг 2026 йил биринчи ярим йиллик фаолияти ва йил якунига қадарги устувор вазифалари юзасидан ахборот берилганди.

Изоҳлар мавжуд емас