Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz ЯА. Давлат хизматлари агентлиги раҳбари Халилилло Тўрахўжаевга ҳавола қилган ҳолда мухбиримиз хабар беришича, бадавлат ўзбекистонликлар “доставка” баҳонасида ўзларининг BMW X7, Mercedes ва Lexus автомашиналари учун Тошкентда ҳаракатланиш рухсатномасини олишга уринишган.
Эслатиб ўтамизки, 30 мартдан 20 апрелгача вилоятлараро, Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоят марказларида автотранспорт ҳаракатланиши Давлат хизматлари марказлари томонидан берилган махсус рухсатномалар (стикерлар) асосида амалга оширилиши мумкин.
Тўрахўжаевнинг сўзларига кўра, BMW X7, Mercedes, Lexus, Captiva, Hyundai, Malibu-2 ва Tracker каби премиум-класс автомашиналари эгалари “курьер” сифатида Тошкент шаҳри бўйлаб ҳаракатланишга Давлат хизматлари марказларига махсус стикерлар учун мурожаат қилишни бошлашган.
“Мамлакатимизда ҳукм сураётган ушбу оғир кунларда бундай ишларни амалга оширишга “уддабурон” тадбиркорларимизнинг виждонлари қандай қилиб йўл қўймоқда экан? Айнан ушбу “премиум-класс” машиналар эгалари вирус тарқатувчи бўлиб чиқса-чи? Майли, пул учун ҳамма нарсага тайёр экансиз, ҳеч бўлмаса, яқинларингиз соғлиги ҳақида ҳеч ўйлаб кўрдингизми?” – деб ёзмоқда Тўрахўжаев агентликнинг Телеграм-каналида.
Унинг қўшимча қилишича, шундай виждонсиз кишилар туфайли, ҳақиқатдан ҳам озиқ-овқат, дори-дармон, дон маҳсулотлари ва аҳолига керакли бўлган бошқа товарларни етказиб берувчилар тегишли рухсатномани ўз вақтида ололмаяпти.
Тўрахўжаев бундай ҳайдовчиларга ушбу маблағни ҳозирги шароитда қийналиб қолган эҳтиёжманд оилаларга сарф этишни маслаҳат бериб, “ғаразли мақсадлар учун ҳужжатларни қалбакилаштириш учун жиноий жавобгарлик муқаррар” эканлигини эслатиб ўтди.
Илгарироқ шундай муаммо ҳақида пойтахт ҳокимлиги ҳам хабар берган эди. Ҳокимликнинг матбуот- хизмати маълум қилишича, ““ҳомийлик” қилиш баҳонасида ўз автомобилига махсус рухсатнома олмоқчи бўлганлар ҳам” мувофиқлаштирувчи марказга мурожаат қилишган.
Изоҳлар мавжуд емас