Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Кинематография агентлиги раҳбари Жаҳонгир Аҳмедов "Ўзбекфильм" киностудияси оғир молиявий аҳволга тушиб қолганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, ҳозирги энг устувор вазифа — студияни қарз ва гаров мажбуриятларидан халос қилиш ҳамда уни сақлаб қолиш.
Агентлик раҳбарининг сўзларига кўра, "Ўзбекфильм"да бугун жуда кўп муаммолар тўпланиб қолган. Бироқ улар орасида энг кечиктириб бўлмайдиган масала — қарийб бир асрлик тарихга эга миллий киностудияни сақлаб қолиш ва уни гаровдан халос қилишдир. Айни пайтда студиянинг кредит мажбуриятлари 22,9 миллион еврони ташкил этади. Ушбу қарздорликни таъминлаш учун унинг мол-мулки ва ер майдонлари гаровга қўйилган.
Солиқ ва иш ҳақи бўйича қарздорлик
Киностудиянинг молиявий муаммолари кредит мажбуриятлари билан чекланиб қолмаган. Солиқлар бўйича қарийб 1 миллиард сўмдан ортиқ қарздорлик тўплангани сабабли, студия балансидаги 12 та автомашина 12 кун ичида аукционга чиқарилиши хавфи юзага келган.
Бундан ташқари, ходимларнинг иш ҳақлари бўйича ҳам қарздорлик шаклланган.
"Ўзбекфильм" нега давлат буюртмасига қарам?
Таҳлилларга кўра, киностудия бир йилда камида 60 миллиард сўмлик буюртма бажармаса, ўзини ўзи таъминлай олмайди. Бу эса "Ўзбекфильм"нинг амалда давлат буюртмасига кучли даражада қарам бўлиб қолганини кўрсатади.
Жаҳонгир Аҳмедовнинг таъкидлашича, студияда аниқ бизнес модели ва бозор механизмларининг йўқлиги вазиятни янада оғирлаштирмоқда. У бу рақамлар шунчаки молиявий кўрсаткичлар эмаслигини, улар ортида қарийб бир асрлик ўзбек киноси тарихи, унинг обрўси ва тақдири турганини таъкидлаган.
Шу боис, соҳа раҳбари учун ҳозирги энг муҳим вазифа — "Ўзбекфильм"ни молиявий инқироздан олиб чиқиш, уни гаров мажбуриятларидан халос қилиш ва миллий киностудияни сақлаб қолишдан иборат.

Изоҳлар мавжуд емас