Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Президент Шавкат Мирзиёев Хоразм вилоятида профессионал таълим тизимини қайта кўриб чиқиш бўйича топшириқ берди. Бунга малакали кадрларнинг етишмаслиги сабаб бўлган. Давлат раҳбари кадрлар тайёрлашни меҳнат бозори талаблари билан боғлаш бўйича кўрсатма берди.
Давлат раҳбари матбуот хизматининг маълум қилишича, йил бошидан буён вилоятда 162 минг аҳолининг даромади ошган, 29 минг фуқаро доимий ишга жойлаштирилган. Камбағаллик даражаси 6,7 фоиздан 3,9 фоизга камайган.
Вилоятда 39 минг нафар ишсиз, 102 минг нафари меҳнат миграциясида қолмоқда. Шу билан бирга, 50 мингдан ортиқ бўш иш ўринларининг бир қисми зарур малака йўқлиги сабабли тўлдирилмай қолмоқда. Сўровлар шуни кўрсатдики, олий таълим муассасалари талабаларининг 63 фоизи етарли даражада амалий кўникмаларга эга эмас.
Коллеж ва техникумларда амалий машғулотларни кучайтириш, касб-ҳунарга ўқитиш учун ОТМ ресурсларидан фойдаланиш, куннинг иккинчи ярмида амалий кўникмаларни ривожлантириш бўйича машғулотлар ташкил этиш вазифаси қўйилди. Вилоятда йил якунига қадар 18 мингта кам таъминланган оиланинг 81 минг нафарини камбағалликдан чиқариш, 39 минг ишсиз фуқарони иш билан таъминлаш режалаштирилган.
"Бу шунчаки рақамлар эмас. Ҳар бир инсонга алоҳида ёндашиб, унинг имкониятларини яхши билишимиз, шунга қараб муносиб иш топишимиз керак", - деди президент.
Бунинг учун саноат, туризм, қишлоқ хўжалиги ва қурилишда инвестиция лойиҳалари амалга оширилади. 250 та янги корхона, 36 та кооперация ташкил этилади, 70 та "локомотив" ва 2,5 мингта микро лойиҳа амалга оширилади. Тадбиркорлик лойиҳаларига 650 миллиард сўм ажратилади.
Аввалроқ Ўзбекистонда янги ўқув йили бошланиш саналари тасдиқлангани хабар қилинганди. Академик лицей ва техникумларда дарслар 2 сентябрдан бошланади. Мамлакатимиз олий таълим муассасаларида биринчи курс талабалари 7 сентябрдан ўқишга киришади. Иккинчи ва юқори курс талабалари учун ўқув йили бир ҳафта кечроқ - 14 сентябрда бошланади.

Изоҳлар мавжуд емас