Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида умумий қуввати 20 мегаватт бўлган "Чорбоғ" шамол электр станцияси ишга туширилди. Мазкур лойиҳа Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги стратегик шериклик доирасида амалга оширилган бўлиб, уни молиялаштириш учун Хитой ҳукумати томонидан 28 миллион доллар миқдорида беғараз грант ажратилган.
"Ўзбекгидроэнерго" АЖ Ахборот хизмати хабар беришича, лойиҳа доирасида ҳар бирининг қуввати 5 мегаваттдан бўлган 4 та замонавий шамол турбинаси ўрнатилган. Янги станция йилига 50 миллион киловатт-соатгача экологик тоза электр энергияси ишлаб чиқариш имкониятига эга.
Станциянинг ишга туширилиши ҳудудда энергия таъминоти барқарорлигини таъминлашга хизмат қилади. Унинг қуввати қарийб 20 мингта хонадоннинг электр энергиясига бўлган эҳтиёжини қондириш, маҳаллий тармоқлардаги юкламани камайтириш ҳамда тизим барқарорлигини ошириш имконини беради.
Олдинроқ Ўзбекистонда Жаҳон банки иштирокида "Ўзбекистонда газ сизиб чиқишларини бартараф этиш механизмини яратиш" лойиҳасини амалга ошириш бўйича Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори қабул қилинганди.

Изоҳлар мавжуд емас