Загрузка
Загрузка
Бизнес  меросга қарши. Нима учун Тошкентдаги тарихий бинолар  ранг-баранг билбордлар билан  “безатилиб”, уларни таъмирлаш ва қайта  қуришга рухсат берилмоқда?
Жамият

Бизнес меросга қарши. Нима учун Тошкентдаги тарихий бинолар ранг-баранг билбордлар билан “безатилиб”, уларни таъмирлаш ва қайта қуришга рухсат берилмоқда?

465
Загрузка

Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Кўчмас моддий маданий мерос объектларининг Миллий рўйхатига Тошкентдаги 350 дан ортиқ ёдгорликлар киритилган. Улар орасида тарихий турар-жой бинолари мавжуд бўлиб, уларнинг биринчи қаватларида дўконлар, хизмат кўрсатиш объектлари жойлашмоқда.

Мижозларни жалб қилиш учун ҳар ким ўзича ёндашувни қўллайди. Бу учун ёрқин пештахталар, декор, фасад қисмидаги аксессуарлар, ландшафт ечимларидан фойдаланишмоқда. Аммо бу ерда катта муаммо бор – қоида тариқасида, ушбу қўшимчаларнинг барчаси тарихий бинонинг ҳақиқий кўринишига мос келмайди, қолаверса, нотўғри таъмирлаш ва қайта қуриш туфайли улар объектнинг яроқсиз ҳолга келишига сабаб бўлади. Бизнес манфаатлари ва маданий меросни уйғунлаштириш мумкинми, мавжуд вазиятни ўзгартириш учун нима қилиш кераклиги ҳақида пойтахт ҳокимлиги матбуот-хизмати маълумотлари асосида тайёрланган материалда сўз юритилган.

Қонунда нима дейилган?

Ташқи реклама бозорини тартибга солиш тўғрисидаги ҳукумат қарорида таъкидланишича, рекламадан холи ҳисобланган бинолар ва унга туташ ҳудудлар рўйхатига маданий ва тарихий аҳамиятга эга объектлар киради. Бундан ташқари, Тошкент шаҳар ҳокимининг 2007 йил 26 декабрдаги қарорининг 3.2.8.    бандида маданий мерос объектларига ташқи реклама жойлаштириш тақиқланганлиги қайд этилган. Бироқ, бизнинг мамлакатимизда тез-тез учраб тургани каби, қонунлар фақат қоғозда ишлайди.

Шу билан бирга, кўплаб Европа мамлакатларида, шунингдек Россия, Грузия ва Озарбайжонда тарихий биноларнинг эгалари ва ижарачиларига зарур рухсатсиз ҳатто панжара ва янги ромларни ўрнатиш тақиқланади.

Мутахассислар қандай фикрда? 

"Ишончим комилки, шаҳарларни консервация қилиб бўлмайди. Бу маданий ёдгорликларга ҳам тегишли. Уларни консервация қилиш бошлангач, шаҳар ўлади. Бу масалан, Венецияда содир бўлган. Тошкент бу жиҳатдан жуда чидамли шаҳар. Унинг ташқи қиёфаси ҳар 50 йилда ва эҳтимол бундан ҳам кам муддат ичида ўзгартиришига қарамай, у қайта чирой очмоқда", - деди ўлкашунос Борис Голендер.

Бироқ, унинг сўзларига кўра, ҳар-хил услубдаги меъморчиликнинг барча унсурлари сақланиб қолиши керак, чунки бу шаҳарнинг ўзига хос қиёфасини яратади, меъморлар, қурувчилар ва аҳоли айнан шу учун ишлаши керак.

Голендернинг қўшимча қилишича, ўтмишда фойдаланилган кўплаб ёдгорликлар – турар – жой бинолари марказий кўчаларда жойлашган, бу эса тижорат корхоналари учун сердаромадли жой ҳисобланади.

"Шунинг учун улар ҳаракат қилишади, кимдир ақл билан, кимдир эса ахмоқона тарзда. Албатта, нима қилиш мумкин ва мумкин эмаслиги тўғрисидаги қоидаларни ўзида акс этган қандайдир ҳужжатлар бўлиши керак. Чунки тарих учун муҳим бўлган бундай биноларнинг фасадларини бузиш абадий давом эта олмайди”, - дея таъкидлади у.

Архитектура фанлари доктори, профессор Мавлуда Юсупованинг сўзларига кўра, 2007 йилда рекламани тақиқлаш тўғрисидаги қабул қилинган ҳужжат дастлаб ишлаган бўлиши мумкин, лекин кейинчаклик унга эътибор берилмай қўйилди.

Шунингдек, унинг таъкидлашича, айни кунларда у ёки бу муассаса эгаси/ ижарачиси томонидан илиб қўйилган билбордлар ёки “растяжкалар”, умумий контекстга мувофиқ бўлмаган ёрқин реклама кўзга ташланади

"Тадбиркор   бу меъморий ёдгорлик эканлигини асло унутмаслиги керак. Рекламани жуда замонавий бўлиши мумкин, масалан, модернизм ва совет даври услуби модага кириб келмоқда. Рекламани ёрқин ва ажралиб турадиган қилиш шарт эмас. Албатта, ҳозирда йўллар бўйлаб турган катта билбордлар меъморий ёдгорликларни ёпиб турмаслиги зарур. Одамлар ёдгорликни кўришлари керак. Буни туман ҳокимликлари ва Маданий мерос агентлиги назорат қилиши керак", - деб ҳисоблайди у.

Юсупованинг қўшимча қилишича, ёдгорликлар шаҳар марказидаги жуда қулай жойларда жойлашган ва улар аҳоли манфаати учун ишлатилиши керак.

"Уларни ресторанларга, баъзи кўргазма павильонларига бериш табиий, аммо биноларнинг асл кўриниши, яъни унинг тарихий қиёфасини сақлаб қолиш шарти билан ижара топшириш керак. Реклама дидли бўлиши керак, у фон бўлиб келиши, биринчи навбатда бино кўринадиган бўлиши лозим, сайёҳлар ва пойтахт аҳолиси биринчи навбатда ушбу бинонинг гўзаллигидан баҳраманд бўлишлари талаб этилади", деди у.

Тошкент шаҳар маданий мерос бошқармасининг ҳуқуқий маслаҳатчиси Ботир Тўлагановнинг айтишича, маданий мерос объекти хусусий мулк бўлса, тадбиркорлар улардан фойдаланиш ҳуқуқига эга. Аммо бундай объектларни таъмирлаш ишлари назорат остида ва фақат Маданий мерос агентлигининг илмий-эксперт Кенгашидан хулоса олгандан сўнг амалга оширилиши керак.

"Тадбиркорлар ўз лойиҳасини ўрганиш учун кенгашга тақдим этишлари керак, кўриб чиқилгандан сўнг у таъмирлаш ишларини бажаришга рухсат беради ёки рад этади. Тошкентда эшик, дераза ва панжараларнинг талабларга мос келмаслиги, ўзбошимча   қўшимча қурилишлар каби ҳолатлар тез-тез учраб туради. Биз бундай вазиятлар бўйича огоҳлантиришлар берамиз ва уларни маъмурий жавобгарликка тортишимиз ҳам мумкин. Қонунчиликка кўра, бундай объектларга реклама жойлаштириш тақиқланади. Тошкент шаҳар Маданий мерос бошқармасининг мониторинг бўлими шаҳардаги барча назорат қилинадиган объектларни текшириб, реклама воситаларининг ноқонуний жойлаштирилгани ҳақида огоҳлантирмоқда", - деди у.

Хўш, энди нима қиламиз?

Мутахассисларнинг фикрига кўра, ҳар-бир тарихий бинонинг манзилли таҳлилини ўтказиш керак, зеро, реклама ёзувлари ва фасадларнинг турли-туманлигидан ташқари, ўзбошимча қурилишлар туфайли кўплаб объектлар яроқсиз ҳолга келиб қолган.

Шундан сўнг, тарихий биноларда жойлашган дўконлар ва хизмат кўрсатиш объектлари эгалари учун барча талаб ва қоидаларни ўзида мужассам этган ягона ҳужжатни ишлаб чиқиш керак.

Жаҳон амалиётини ҳисобга олган ҳолда ушбу объектларда тижорат фаолиятига рухсат бериш мумкиндир, лекин бунда бизнесдан бинога нисбатан эҳтиёткорона муносабат талаб этилади. Реклама ва фасадларнинг камтарона услуби эса бинонинг умумий қиёфасига путур етказмаслиги керак.

Ўзбекистон бўйлаб янгиликлар: Telegram-каналга уланинг 

Загрузка
Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...
18+