Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Ўзгидромет декабрь ойининг об-ҳаво башоратини тақдим қилган. Ойнинг дастлабки ўн кунлиги совуқ бўлади. Сўнгра ҳаво ҳарорати 7 даража совуқдан 15 даража илиққача ўзгариб туради. Бу ҳақда мухбиримиз хабар бермоқда.
Декабр – қишнинг биринчи ойи, бу фаслни кўпчилик қор ва совуқ билан боғлайди. Ушбу декабр ойида об-ҳаво ҳақиқатан ҳам қишки бўладими ёки сўнгги йилларда декабрда кузатилаётган илиқ даражали об-ҳаво билан ҳукмронлик қиладими? Бу ҳақда Ўзгидромет мутахассислари айтиб беришди.
Бу йилнинг декабр ойи нисбатан совуқ ҳаво билан бошланади. 1-декабрдан ҳароратнинг пасайиши бошланди ва 3-5-декабрга келиб республика ҳудудининг катта қисмида термометр устуни кечалари 4-7о совуқгача, кундуз кунлари 0-3о илиқгача, баъзи жойларда 1-2о совуқгача, шимолда кечалари 10-13о совуқгача, кундуз кунлари 4-7о совуқгача пасаяди.
Ҳатто республиканинг энг жанубий қисмида ҳам совуқ бўлади, ҳарорат кечалари 0-2о совуқгача, кундуз кунлари 3-6о илиқгача пасаяди.
Совуқ об-ҳаво деярли декабр ойининг биринчи ўн кунлиги охиригача сақланиб туради.
Республика бўйича 5-декабргача қуруқ об-ҳаво бўлиши кутилмоқда. 5-10-декабр кунлари даврида республиканинг марказий ва жануби-шарқий ҳудудлари бўйича айрим кунларда қор кўринишидаги ёғингарчилик бўлиши мумкин.
Декабр ойининг иккинчи ва учинчи ўн кунликларида меъёрий қийматларга яқин бўлган фонда ҳаво ҳарорати кечалари 2-7о илиқдан 2-7о совуқгача, кундуз кунлари 10-15о илиқдан 2о совуқ-3о илиқгача ўзгариб туриши кутилмоқда.
Ўтган 2021-йилнинг декабр ойи охирги 20 йил ичида энг илиқ йил бўлди. Ушбу давр учун 2002, 2011 ва 2020-йилларнинг декабр ойлари эса энг совуқ бўлди.
Тошкентда сўнгги 20 йил ичида декабр ойидаги энг илиқ кунларда ҳаво ҳарорати 20-23о илиқгача кўтарилган, энг совуқ даврларда эса ҳарорат кечалари 12-15о совуқгача пасайган.
Таққослаш учун шуни айтиш мумкинки, метеорологик кузатувларнинг барча даврлари (150 йилдан кўп) учун Тошкентда энг паст ҳарорат 20-23о совуқни ташкил этган, 1930-йилнинг декабр ойида эса 27-29о совуқгача бўлган.
Изоҳлар мавжуд емас