Загрузка
Загрузка
Эҳтиёжманд оилалар учун 7,5 минг сўмлик "ғамхўрлик"
Жамият

Эҳтиёжманд оилалар учун 7,5 минг сўмлик "ғамхўрлик"

9
Загрузка

Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz.  Ўзбекистон ҳукуматининг 2026 йил 15 майдаги 243-сонли қарорига мувофиқ, жорий йилнинг 1 июнидан бошлаб мамлакатда электр энергияси ва табиий газнинг янги тарифлари жорий этилиши муносабати билан кам таъминланган ва эҳтиёжманд оилаларга бериладиган ойлик компенсация тўловлари миқдори оширилганди. Бироқ расмий ҳужжатда белгиланган янги рақамлар, хусусан, электр энергияси учун қўшилган маблағнинг атиги 7,5 минг сўмни ташкил этиши жамоатчилик ва истеъмолчилар ўртасида кучли танқид ва истеҳзоли муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. 

Нарх-наво ва инфляция шиддат билан ўсиб бораётган бир шароитда, рамзий маънога эга бўлган бундай арзимас миқдордаги қўшимча пул муҳтож қатламнинг молиявий юкини енгиллаштиришга мутлақо ожиз эканлиги таъкидланмоқда.

Янги тартибга кўра, эҳтиёжманд оилалар учун электр энергияси бўйича базавий меъёрдан (200 кВт·соат) ошган кейинги 150 кВт·соатгача бўлган қисм учун бериладиган компенсация миқдори 30 минг сўмдан 37,5 минг сўмга кўтарилди. Табиий газ учун эса иситиш мавсумида базавий меъёрдан ошган 250 куб метргача бўлган тўлов 200 минг сўмдан 225 минг сўмга, бошқа мавсумларда эса базавий меъёрдан ошган 150 куб метр учун компенсация 120 минг сўмдан 135 минг сўмга оширилган. 

Ушбу ёрдам пулларини расмийлаштириш учун фуқаролардан маҳалладаги ижтимоий ходимга, тумандаги Inson ижтимоий хизматлар марказига ёки Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг 1140 қисқа рақамли ишонч телефонига мурожаат қилиш талаб этилади.

Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимидаги ушбу ўзгаришлар ислоҳотларнинг асл мақсадини сўроқ остида қолдирмоқда. Уларнинг билдиришича, кундалик истеъмол товарлари, озиқ-овқат маҳсулотлари ва хизматлар нархи тинимсиз қимматлашаётган бугунги бозор воқелигида давлат томонидан эҳтиёжманд қатламга электр токи учун ойига бор-йўғи 7,5 минг сўм, газ учун эса иситиш мавсумида атиги 25 минг сўм қўшиб берилишини ҳеч бир мантиқ билан оқлаб бўлмайди. 

Бугунги кунда Тошкент шаҳри ва вилоятлар марказларида 7,5 минг сўмга ҳатто иккита оддий нон ёки жамоат транспорти учун саноқли йўл чиптасини сотиб олиш мумкин. Давлат томонидан кўрсатилаётган бундай "ғамхўрлик" тизимнинг аҳолининг ҳақиқий муаммоларидан қанчалик "яқинлигини" кўрсатмоқда. 

Ўзбекистон бўйлаб янгиликлар: Telegram-каналга уланинг


Загрузка
Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...